Мозори Шарифда Алишер Навоий ёдгорлиги қурилиши якунланмоқда (видео)
−
12:57 885 2 minutes
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига борди. Ташриф давомида делегация аъзолари Алишер Навоий ёдгорлиги қурилиш жараёнини кўздан кечирди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Делегация таркибидан Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев, тегишли идоралар масъуллари ва тадбиркорлар ҳам ўрин олган. Ўзбекистон вакилларини Хайратон чегара постида Балх вилояти ҳокими ўринбосари Нурул Ҳода Абу Идрис бошчилигидаги расмийлар кутиб олган.
Мозори Шарифдаги ташрифнинг дастлабки манзили шаҳар марказида жойлашган “Ғозийлар қалъаси” кўчаси бўлган. У ерда Алишер Навоий хотирасига бағишланган ёдгорлик қад ростламоқда.
Қайд этилишича, ёдгорлик лойиҳаси ўзбекистонлик муҳандислар томонидан ишлаб чиқилган. Ҳозирда унинг қурилиш ишлари якуний босқичда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Мозори Шариф шаҳрида Темурийлар даврида яшаган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини бутунлай бузиб ташлагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур масала юзасидан расмий изоҳ олиш мақсадида “Толибон” муваққат ҳукумати вакиллари билан боғланган. Бунинг ортидан Маршал Абдулрашид Дўстум ва қизи Роҳила Дўстум “Толибон”га таҳдид қилиб, “Толибон” эртами-кечми ўз қилмишлари учун пушаймон бўлишини таъкидлаган.
Афғонистон томони ўша пайтда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой аллома хотирасига муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир шарафига янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги сабабли ҳайкал маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташлангани, яқин орада янги ёдгорлик барпо этилиши ҳақида ваъда берган эди. Аммо ҳануз бу ваъда амалга оширилмади.
Шунингдек, 2023 йилнинг февраль ойида ҳам Мозори Шарифдаги Алишер Навоийнинг ўша ҳайкали қисман бузиб ташланган эди. Шунда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов бу ҳолатни “вандализм” деб атаган ва Афғонистон вакилларига таяниб, ҳайкални бегона шахслар вайрон қилганини билдирган.
Жорий йилнинг 2 январь кунига келиб, ўзбеклар энг кўп яшовчи Саманганда университет пештоқидан ўзбек ва форс тилларидаги ёзув олиб ташланди. Бунинг ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек тилига нисбатан чекловлар вазирликда ташвиш уйғотишини билдирди. 6 январь куни Ташқи ишлар вазирлигининг масъул вакиллари тезкор равишда Афғонистон томони билан боғланганда, “Толибон” ўзбек тилига тақиқ қўймасликка ваъда берди. Танқидлар ортидан, жорий йилнинг 11 январь куни “Толибон” Саманганда университет пештоқига ўзбек тилини қайта киритди.
Live
All