“Толибон” Покистон билан чегарада янги ҳужумлар тўлқинини бошлади
Олам
−
27 Февраль 3384 1 дақиқа
Бугун, 27 февраль куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Покистон билан чегарада янги ҳужумлар тўлқинини бошлади. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Ariana News” телеканали хабар берди.
“Манбаларнинг хабар беришича, шартли чегара чизиғи (“Дюранд чизиғи”) бўйлаб Покистон ҳарбий режими позицияларига қарши янги қасос ҳужумлари тўлқини бошланган”, дейилади хабарда.
Телеканал маълумотларига кўра, жанговар ҳаракатлар Ҳост вилоятининг бир қатор туманларида бошланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 февраль куни Афғонистон Покистон ҳарбий-ҳаво кучларининг афғон ҳудудини бомбардимон қилганига жавобан, бутун “Дюранд чизиғи” – Қобул томонидан тан олинмаган икки давлат ўртасидаги чегара бўйлаб Покистон ҳарбийларига қарши ҳарбий операция бошлаганди. Покистон, ўз навбатида, жавоб ўти очилганини, кейинроқ эса Афғонистон билан “очиқ уруш” бошланганини эълон қилди.
Ҳозирги кескинлашув 2025 йил октябрь ойида бошланган Покистон ва Афғонистон ўртасидаги можаронинг давомидир. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш ҳақида баёнот берган, бироқ чегарада тинчлик бўйича келишувга эриша олмаган. Исломобод Қобулни террорчиларга бошпана беришда айбламоқда, Афғонистон расмийлари эса бу айбловларни рад этиб келади.
Live
Барчаси