Пискент полигони тугатилмоқда
Жамият
−
02 Сентябрь 8001 2 дақиқа
Бугун, 2 сентябрдан бошлаб автомобилларни Пискент синов мажмуасида синовлардан ўтказиш амалиёти тўхтатилади. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, агентлик томонидан истеъмолчилар манфаатларини таъминлаш ва сифат кафолатига эга бўлмаган автомобилларни республикага олиб кирилишини ҳамда йўлларда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида 2024 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Пискент синов мажмуасида автотранспорт воситалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган техник регламентга мувофиқ синовлардан ўтказилган.
Таҳлил натижаларига кўра, республикага техник регламентга мувофиқ транспорт тури маъқулланмаган енгил автомобилларнинг импорт қилингани уларнинг синовлари бирма-бир ўтказилишига сабаб бўлган.
Ўзбекистонда 2024 йилгача фақатгина 3 та дилерлик марказлари фаолият юритган бўлса, улар атига 15 та автомодель учун турини маъқуллаш ҳужжатини олган. Ҳозирги кунда эса 21 та хорижий компанияларнинг расмий дилерлари ўз фаолиятини бошлаган ва 100 дан ортиқ автомобиль русумларига турини маъқуллаш ҳужжатлари расмийлаштирилган.
Бунинг натижасида истеъмолчиларга сифати ва хавфсизлиги таъминланган ҳамда кафолатланган автотранспорт воситаларини етказиб бериш тизими такомиллаштирилган. Шу тариқа истеъмолчиларга расмий дилерлардан турли русумдаги автотранспорт воситаларини харид қилиш имконияти яратилган.
“Шу муносабат билан республикамизда расмий дилерлар ва сервис марказлари сони кескин ошгани ҳамда истеъмолчиларнинг расмий дилерлар билан ишлаш амалиёти жорий этилганини инобатга олиб, 2025 йил 2 сентябрдан автомобилларни Пискент автополигонида синовдан ўтказиш амалиёти тўхтатилади”, дейилади хабарда.
Агентлик Ўзбекистонга импорт қилинаётган автомобилларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш доимий назорат қилиниб, амалдаги талабларга кўра, номувофиқликлар аниқланганда, истеъмолчилардан эътирозлар келиб тушганда, ушбу автомобилларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши таъминланишини билдирган. Ўз ўрнида, автомобиль харидини расмий дилерлар орқали амалга оширишлари тавсия этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пискент полигони билан боғлиқ можароли вазият содир бўлган эди. Ўшанда блогер полигон “ичкарисида” электромобилларнинг ҳеч нимаси текширилмаслиги ва вақт ўтказиб чиқариб юборилиши айтилган видео тарқатганди. Кейинроқ эса “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси мазкур видео юзасидан муносабат билдириб, ижтимоий тармоқларга сиздирилган видеода 2024 йилнинг ноябрь ойидаги ҳолат акс этганини, у ҳозирги текширувлар билан мутлақо боғлиқ эмаслигини билдирди. Муассаса текширувлар ўтказилмаётгани ҳақидаги хабарларни эса “асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди”, деб атади.
Live
Барчаси