ЎзТест электромобиллар текшируви бўйича видео эълон қилган блогерни жазолаттирмоқчи (видео)

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Пискент полигонида электромобилларнинг текшируви билан боғлиқ видеолавҳа ва хабарлар тарқалмоқда.  Ушбу видеолавҳаларда “ичкарида” электромобилларнинг ҳеч нимаси текширилмаслиги ва вақт ўтказиб чиқариб юборилиши айтилган. Мазкур хабар ва видеолар юзасидан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси (ЎзТест) муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларга сиздирилган видеода 2024 йилнинг ноябрь ойидаги ҳолат акс этган бўлиб, у ҳозирги текширувлар билан мутлақо боғлиқ эмас. Текширувлар ўтказилмаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди.

“Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси жамоатчилик фикрини чалғитадиган мазкур лавҳани нотўғри талқин қилган ҳолда кенг оммага тарқатган блогер фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли органларга мурожаат қилишимизни маълум қилади”, дейилади муносабатда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 апрелдаги 237-сон қарори билан тасдиқланган “Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламентга асосан М1 тоифадаги автотранспорт воситалари электромагнит мослиги бўйича мувофиқликни баҳолаш БМТ қоидаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

“Ушбу бандда юртимизга кириб келаётган М1 тоифадаги ҳар бир дона ёки бир тўпдаги транспорт воситаларини сертификатлаштиришда улар электромагнит мослиги бўйича синовлардан ўтказилиши белгиланган. Регламентнинг 5-бандига асосан муомалага чиқарилаётган транспорт воситаларининг мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар транспорт воситаси турини маъқуллаш ҳужжати (серияли ишлаб чиқариш учун) ва мувофиқлик сертификати (ягона автотранспорт воситаси учун) ҳисобланади. Мазкур талаб Европа Иттифоқи ҳамда Евросиё Иқтисодий Иттифоқида автотранспорт воситалари турини маъқуллаш учун қўшимча талаблардан бири қилиб белгиланган”, дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, ҳозирда М1 тоифадаги автотранспорт воситалари учун давлат реестрида амалда бўлган 81 та турини маъқуллаш ҳужжати мавжуд бўлиб, шундан 10 таси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, 71 таси импорт қилувчилар ҳисобига тўғри келмоқда. Ушбу турини маъқуллаш ҳужжатлари Хитойнинг 44 та, Кореянинг 18 та, Германиянинг 3 та, Япониянинг 3 та, Россиянинг 2 та, АҚШнинг 1 та ҳамда Ўзбекистоннинг 17 та турдаги М1 тоифадаги транспорт воситаларига тааллуқли.

Импорт учун рўйхатга олинган 71 та турини маъқуллаш ҳужжатлари Хитойнинг Chevrolet, BYD, Volkswagen, Changan, Chery, Haval, Jetour, JAC, Jett, MG, Soueseat, Zeekr, Seres, Vohay, Кореянинг Kia ва Hyundai Германиянинг Porsche, Япониянинг Toyota ҳамда АШҚнинг Chevrolet брендларига тааллуқли.

Шунингдек, республикада автотранспорт воситаларининг чакана сотиш Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” билан тартибга солинган.

Мазкур қоидаларда сотувчи автотранспорт воситалари узоқ муддат давомида фойдаланишга мўлжаллангани боис, уларнинг кафолат муддати доирасида бепул сервис кўрсатиш‚ зарур бўлган эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш талаб этилиши белгиланган.

Регламентда автотранспорт воситалари учун белгиланган хавфсизлик талабларидан ташқари турини маъқуллаш ҳужжатини олиш учун аризани ишлаб чиқарувчи ёки унинг расмий вакили бериши шартлиги белгиланган.

Қайд этилишича, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбарияти Hongqi, Dongfeng, Lixiang ва бошқа кўплаб ишлаб чиқарувчилар билан учрашувлар ўтказиб, уларга Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган тартибда расман ишлаш ҳамда расмий дилерлар очиш бўйича таклифлар берган. Шунингдек, автотранспорт воситаларини расмий вакилсиз келтирган фуқаролар автотранспорт воситасига кафолатга эга бўлмайди ҳамда улар ўзлари ва яқинларининг ҳаётини хавфга қўйиши мумкин.

“Ҳурматли фуқаролар, кафолатланган, хавфсиз ва барча синовдан ўтган автомобилларни расмий дилердан харид қилиш тавсия этилади”, дейилади муносабатда.

Билдирилишича, норасмий дилерлар, импортёрлар ҳамда уларнинг декларантлари томонидан одатда электрон калит тақдим этилиши сўралади ва харидорнинг номига айланма йўл билан, шу жумладан аввал фойдаланишда бўлган автомобиллар расмийлаштирилади.

“Бундан огоҳ бўлинг, алданиб қолманг. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни билан белгиланган ҳуқуқларингиз поймол бўлишига йўл қўйманг!” дея огоҳлантиради агентлик.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Leapmotor компаниясининг C16 моделли автомобиллари Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси текширувидан ўтгани ва автомобиллардаги электромагнит шовқинлар БМТ меъёрларидан 16 баробар юқори экани, бунинг ортидан эса мазкур автомобилларнинг Ўзбекистонга импорти тақиқлаб қўйилгани хабар қилинган эди.

Кейинроқ эса электромобиллар савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар ижтимоий тармоқлар орқали Президентга мурожаат йўллади. Эркин бозор тарафдори эканини айтган тадбиркорлар давлат раҳбаридан чекловларни олиб ташлаш ва очиқ бозорни қўллаб-қувватлашни сўраган. Мазкур ҳолат ортидан Бизнес-омбудсман муносабат билдириб, тадбиркорларнинг мурожаати қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан Бизнес-омбудсман девони томонидан ўрганилаётганини маълум қилди. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси эса Хитойнинг Leapmotor автомобиллари Ўзбекистонда ушбу компания мутахассислари иштирокида қайта синовдан ўтказилишини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

электромобиль ЎзТест Leapmotor Пискент полигони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг