Панжшердаги одамлар очликдан ўлиши мумкинлиги айтилди
Олам
−
10 Сентябрь 2021
13751Афғонистоннинг Панжшер вилояти аҳолиси мамлакат пойтахти Қобулга қочмоқда. Уларнинг маълум қилишича, агар ҳозирги вазият давом этса, вилоятда одамлар очликдан ўлиши мумкин. Бу ҳақда “Tolo News” телеканали хабар берган.
Телеканал Панжшердан Қобулга кўчиб келган бир неча оила билан суҳбатлашган. Жангда ўғлини йўқотган оилалардан бири вилоятда гуманитар инқироз бошлангани ҳақида хабар берган.
“Ҳужумлар ва тўқнашувлар тез-тез содир бўлди, одамлар ҳатто тоғларга қочиб кетди”, деган Шайеста Меҳрабан оиласи аъзоларидан бири телеканалга.
Таъкидланишича, вилоятда жанглар бошланганидан кўп ўтмай, йўллар тўсилган, электр ва алоқа узилган.
Шу билан бирга, “Толибон” вакиллари яқинда вилоятда электр энергиясини қайта улашга ишонтирган.
Афғонистон Қочқинлар ишлари бўйича вазири вазифасини бажарувчи Халил ал-Раҳмон Ҳаққонийнинг айтишича, яқинда Панжшер вилоятида ўз уйларини ташлаб кетган ва можародан жабрланганларга ёрдам бериш жараёни бошланади.
“Биз Панжшер ва бошқа жойлардаги кўчирилганларга керакли ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиламиз”, деган Ҳаққоний.
Аввалроқ, толиблар Панжшер вилоятидан минглаб одамларни чиқариб юборгани ва у ерда этник тозалаш ишларини олиб бораётгани ҳақида хабар бергандик.
Маълумот ўрнида, Панжшер Афғонистонинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган.
LiveБарчаси