“Толибон” Панжшерда этник тозалаш бошлагани айтилмоқда
Олам
−
10 Сентябрь 2021
14110Толиблар Афғонистоннинг Панжшер вилоятидан минглаб одамларни чиқариб юборган ва у ерда этник тозалаш ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақда Афғонистон Миллий қаршилик фронти вакили Али Назарий маълум қилган.
“Толибон” минглаб одамларни Панжшердан қувиб чиқарди. Улар этник тозалашни амалга оширмоқда, дунё эса ҳали ҳам вазиятни кузатяпти ва эътибор бермаяпти”, деб ёзган Назарий Twitter’даги саҳифасида.
Қаршилик вакили халқаро ҳамжамиятни аралашишга чақирган.
Аввалроқ, Аҳмад Масъуд бошчилигидаги миллий қаршилик фронти толиблар ҳужуми сабаб чекингани ҳақида хабар берилганди. Аммо ҳудуднинг асосий қисми ҳамон қаршилик кучлари назоратида қолмоқда.
Маълумот ўрнида, Панжшер Афғонистонинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган.
Афғонистондаги вазият
АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Бунга қадар Европанинг бошқа давлатлари, жумладан Британия ва Германия ҳам мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси