Панжшер маршал Дўстум билан “Толибон”га ёқимсиз “сюрприз” тайёрламоқда
Олам
−
09 Сентябрь 2021
45956“Толибон” режимини маъқулламаган собиқ афғон расмийлари мамлакатнинг Миллий қаршилик фронтини қўллаб -қувватлайдиган Кенгаш тузадилар. Бу ҳақда Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Заҳир Агбар Душанбедаги матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Кенгашни яқин вақтларда чақириш режалаштирилган.
“Афғонистоннинг сиёсий раҳбарлари, шу жумладан маршал Абдул Рашид Дўстум яқинда Миллий қаршилик фронтини қўллаб-қувватлаш кенгашини тузади”, дейди Агбар.
Дипломатнинг таъкидлашича, у мамлакатнинг янги ҳукумати билан ишлаш ниятида эмас. Энди у мамлакат собиқ вице-президенти Амруллоҳ Солиҳнинг вакили бўлишини айтган.
Агбар жаҳон ҳамжамиятидан толибларнинг Афғонистонда тузган ҳукуматини тан олмасликка чақирган.
Бундан ташқари, матбуот анжумани вақтида дипломат Амруллоҳ Солиҳ жангариларнинг Панжшерга ҳужуми вақтида Тожикистонга қочганини рад этган ҳамда Покистон Афғонистон ишларига аралашаётганини таъкидлаган.
Аввалроқ, Аҳмад Масъуд бошчилигидаги миллий қаршилик фронти толиблар ҳужуми сабаб чекингани ҳақида хабар берилганди. Аммо ҳудуднинг асосий қисми ҳамон қаршилик кучлари назоратида қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистоннинг обрўли шахслари "Толибон" билан музокара ўтказиш учун янги фронт тузаётгани ҳақида хабар берилганди.
Афғонистондаги вазият
АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Бунга қадар Европанинг бошқа давлатлари, жумладан Британия ва Германия ҳам мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузулганини эълон қилди.
LiveБарчаси