Афғонистонда Дўстум етакчилигида янги фронт тузилади

Олам

image

Афғонистоннинг бир гуруҳ фахрий раҳбарлари, жумладан, икки обрўли шахси “Толибон” билан музокара ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Афғонистон шимолидаги Балх вилоятининг собиқ қудратли губернатори Ато Муҳаммад Нурнинг ўғли Холид Нур хабар берган.  

Таъкидланишича, учрашув келгуси бир неча ҳафта ичида ўтказилади ва мамлакатнинг кейинги ҳукумати билан музокара олиб бориш учун янги фронт тузилади. 

“Ушбу гуруҳда асли ўзбекистонлик фахрий етакчи Маршал Абдул Рашид Дўстум ва “Толибон” ҳокимиятни эгаллашига қарши бўлганлар бор. Биз биргаликда музокара ўтказишни маъқул кўрамиз, чунки Афғонистон муаммосини фақат иккимиздан биримиз ҳал қила олмаймиз”, деган Нур. 

Нурга кўра, ушбу жараёнда мамлакатнинг бутун сиёсий ҳамжамияти, айниқса, жамиятнинг қўллаб-қувватлаши билан ҳокимият тепасида турган анъанавий раҳбарлар иштирок этиши муҳим. 

“Толибон” айни пайтда жуда, жуда такаббур, чунки улар яқиндагина ҳарбий ғалабага эришди. Аммо биз тахмин қиламизки, улар аввалгидек ҳукмронлик қилиш хавфи борлигини билишади”, деган Нур.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан  "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти. Ушбу вилоят Афғонистоннинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон Дўстум

Баҳолаганлар

577

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг