“Толибон” Панжшернинг неча фоизини эгаллагани маълум бўлди

Олам

image
0:00
0:00
download

Афғонистоннинг Панжшер вилоятидаги қаршилик кучлари ҳудуднинг 60-65 фоизини назорат қилмоқда. Вилоятнинг 35 фоиздан ортиғи эса “Толибон” назорати остида. Бу ҳақда Қаршилик фронти вакили Али Назарий CNN телеканалига маълум қилган.  

“60-65 фоиз (Қаршилик назорати остида — таҳр.). Панжшердаги барча стратегик позициялар бизнинг назоратимизда. Биз асосий йўлдан тактик чекинишни амалга оширдик”, деган Назарий. 

Унинг сўзларига кўра, “Толибон” қаршилик кучлари билан жанг пайтида катта йўқотишларга учраган. 

“Бир мунча вақт ўтгач, Панжшер тўлиқ тозаланади (“Толибон”дан — таҳр.)”, дея қўшимча қилган Назарий. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон” бўйсунмаётган Панжшерни тўлиқ эгаллаганини эълон қилганди. 

Шундан сўнг, ушбу вилоят лидери Аҳмад Масъуд мурожаат билан чиқиб, толибларга Панжшерни эгаллашда хориж ҳарбийлари ёрдам берганини таъкидлаган. Шу сабабли у жаҳон ҳамжамиятидан ушбу вазиятга эътибор қаратишни ҳамда “Толибон”нинг хатти-ҳаракатларини қоралашни сўраган.

Афғонистондаги вазият

АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Бунга қадар Европанинг бошқа давлатлари, жумладан Британия ва Германия ҳам мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Панжшер

Баҳолаганлар

255

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг