Захарова Қорабоғ можаросини ҳал қилишнинг муқобили йўқлигини айтди. Россия қандай таклиф бермоқда?
Олам
−
02 Октябрь 2020
9904Тоғли Қорабоғ можаро зонасида жорий йилнинг 27 сентябридан бери давом этаётган эскалация хавфи Москвани жиддий ташвишга солмоқда. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова баёнотида айтилади.
“Зарбалар алмашинуви натижасида ҳарбий ва фуқаролик инфратузилмаси сезиларли даражада вайрон бўлган, ҳар икки томонда, шу жумладан тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонлар бор. Биз томонларни максимал даражада тийилишга ва қон тўкилишига чек қўйишга чақирамиз. Биз қурбонлар ва жароҳатланганларнинг оилалари ҳамда дўстларига ҳамдардлик билдирамиз”, дейди Мария Захарова.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. Кеча, 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар. Аммо Озарбайжоннинг энди ушбу гуруҳнинг тартиб-таомилларига риоя қилмаслиги Эрдўғаннинг сўзидан аён бўлди.
Таъкидланишича, Россия Федерациясини Озарбайжон ва Арманистон билан кўп қиррали дўстлик алоқаларини боғлайди. Россияда кўплаб арман ва озар миллатига мансаб фуқаролар истиқомат қилади. “Биз минтақада содир бўлаётган нарсаларга бефарқликдан йироқмиз”, дейди Захарова.
У сўзида давом этаркан, Тоғли Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал қилишдан бошқа муқобили йўқлигига аминлигини айтади. Таъкидланишича, минтақавий муаммоларни ҳал қилиш фақат сиёсий ва дипломатик йўналишда бўлади.
“Россия ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик жараёнини тиклашга қаратилган музокараларни бошлашга ҳар томонлама ҳаракат қилмоқда. Россия Президенти Владимир Путин Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан 27 ва 29 сентябрь кунлари бўлиб ўтган телефон суҳбатларида вазиятни муҳокама қилди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров арманистонлик ва озарбайжонлик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлиб турибди. Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли билан ҳам телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди”, дейди Захарова.
Ташқи ишлар вазирлиги спикери сўзини давом эттириб, айни вақтда Озарбайжон ёки Арманистоннинг ўт очишини қўллаб-қувватлаётган тарафларнинг масъулиятсизлик билан бераётган баёнотларини Россия тарафи самарасиз деб ҳисоблашини айтди.
"Давом этаётган қон тўкилишини дарҳол тўхтатиш керак. Ушбу драматик воқеалар фонида биз учинчи томонларнинг Кавказ ортидаги вазиятни беқарорлаштириши, кейинчалик кутилмаган оқибатларга олиб келиши, кескинлашувни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай жиддий баёнотлари ва ҳаракатларини самарасиз ҳамда масъулиятсиз деб ҳисоблаймиз”, дейди Захарова.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари кеча, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
LiveБарчаси