Туркия куч ишлатиш тарафдори. Россия эса буни ўзига мослаб талқин қилмоқда
Олам
−
02 Октябрь 2020
18271Кеча, 1 октябрь куни Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу ва Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Мазкур мулоқот икки давлат оммавий ахборот воситаларида икки хил талқин қилинмоқда.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёнотида қайд этилишича, суҳбатда Тоғли Қорабоғ атрофидаги кескинликнинг кучайиши муҳокама қилинган. Вазирлар давом этаётган қуролли тўқнашувдан “жиддий хавотирдаликлари ва жанговар ҳаракатларни дарҳол тўхтатиш тарафдорлари эканларини” билдиришган. Аммо Туркия тарафи Россиянинг бу баёнотини рад этмоқда.
“Можарога бошқа ҳудудлардан келган ноқонуний қуролли тузилмалар жангариларининг жалб қилинишига йўл қўйилмаслиги таъкидланди. Баку ва Ереванга сиёсий ва дипломатик ёрдам кўрсатиш нуқтаи назаридан ўта мувозанатли қадамлар қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Улар Тоғли Қорабоғ можаросини тезроқ тинч музокаралар билан барқарорлаштириш бўйича Россия ва Туркиянинг ҳаракатларини яқиндан мувофиқлаштиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Россия томонида эътибор ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ҳамраислари томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатларга, шу жумладан Россия, АҚШ ва Франция Президентларининг 2020 йил 1 октябрдаги қўшма баёнотига қаратилди”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.
Туркиянинг “Анадолу” ахборот агентлигининг ёзишича, суҳбатда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу Озарбайжон ва Арманистон муросаси ҳақида миқ этмаган. Туркия тарафи масалани куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш тарафдори.
Хабарда таъкидланишича, “Арманистон-Озарбайжон можароси узоқ муддатли сулҳ билан тартибга солинмаса ва Арманистон томонидан Озарбайжон ҳудудларини босиб олиш тугамаса, ўт очишни тўхтатиш мантиқий бўлмайди”.
Бу ҳақда Човушўғли россиялик ҳамкасби Лавровга айтиб ўтган. Бироқ, Россия тарафи суҳбатнинг бу қисмини ёритмаган.
“Дипломатик манбаларга кўра, Човушўғли, "бугун сулҳга эришилган тақдирда ҳам, ишғол қилинган ерлар қайтарилмаса, яна тўқнашувлар бошланади", деб таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, икки мамлакат ташқи идоралари раҳбарлари Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тўқнашувлар бошланганда, 27 сентябрь куни ҳам телефон орқали суҳбатлашган эдилар.
Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, Тоғли Қаробоғ можаросида Туркия Озарбайжонни алоҳида қўллаб-қувватламоқда. Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бир неча бор Туркия халқи ва давлати барча имкониятлари билан Озарбайжон тарафида экани ва Арманистон босиб олинган ерларни қайтариши кераклигини айтиб чиқди. Бу ҳақида сўз очаркан, Эрдўған, "бугун Озарбайжон ва Арманистонни музокараларга чақираётганлар 30 йил давомида Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этмадилар, ҳал этишни истамадилар", деди.