“Озарбайжонга таҳдид қилиш яхшиликка олиб келмайди”. Баку Боррелга жавоб берди
Олам
−
14 Ноябрь 2023 9447 2 дақиқа
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати раҳбари Жозеп Боррелнинг Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигини бузиш оқибатлари ҳақидаги баёнотларини танқид қилиб, бундай чиқишни қабул қилиб бўлмас, деб атади. Бу ҳақдаги вазирликнинг тегишли муносабати эълон қилинди.
“Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель томонидан Озарбайжонга қарши қўйилган айбловлар минтақада ҳукм сураётган воқеликни атайлаб бузиб кўрсатади. У мутлақо ноадекват ва қабул қилиб бўлмасдир”, дейилади ТИВ хабарида.
Қайд этилишича, Арманистоннинг Озарбайжонга нисбатан деярли 30 йиллик агрессияси ва озарбайжонларга нисбатан этник тозалаш сиёсатига Европа Иттифоқининг бефарқлиги фонида Арманистонни қўллаб-қувватлаш ифодаси ва Озарбайжонга таҳдидлар Брюсселнинг нохолис сиёсати ва икки томонлама стандартларига яққол мисол бўла олади.
“Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизматининг маълум ҳудудларда кўрсатган иккиюзламачи ёндашувларидан кўриниб турибдики, бу ташкилот нотўғри қадамлар қурбонига айланган. Бундан ташқари, Арманистонни халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларига мувофиқ ҳаракат қилишга ундаш учун ҳеч қандай чора кўрмаган Европа Иттифоқи вакилининг айбловлари Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига таҳдид солмоқда”, дейилади расмий Бакунинг муносабатида,
Шунингдек, Баку Европа Иттифоқининг Арманистонни қуроллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини Жанубий Кавказни минтақадаги янги қарама-қаршиликларга тортиш сиёсатини рағбатлантириш, деб ҳисоблашини билдирган.
“Бунинг учун жавобгарлик ҳам Европа Иттифоқи зиммасига тушади. Озарбайжон билан таҳдидлар тилида гаплашишни қабул қилиб бўлмайди. Ҳар қандай нодўстона ҳаракат ижобий натижаларга олиб келмайди ва уларга адекват жавоб берилади”, дейилади ТИВ баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 ноябрь куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи кенгашининг ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари даражасидаги йиғилиши якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Боррель Европа Иттифоқи Озарбайжонни Арманистон ҳудудий яхлитлиги ҳар қандай бузилишининг “оғир оқибатлари” ҳақида огоҳлантирганини айтганди. У, шунингдек, Европа Иттифоқи Арманистонга Европа тинчлик жамғармаси доирасида ҳарбий ёрдам кўрсатиш имкониятини кўриб чиқаётганини таъкидлаганди.
Бундан олдинроқ эса ОАВда Франция Арманистонга Bastion кўп мақсадли ҳужумчи зирҳли техникаларини етказиб бергани ҳақида хабарлар тарқалганди. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Франциянинг бу ҳаракатини қоралаб, ҳарбий техниканинг етказиб берилиши Арманистоннинг минтақадаги ҳарбий салоҳияти ва бузғунчи фаолиятини кучайтиришга хизмат қилишини билдирганди.
Live
Барчаси