Франция Арманистонга зирҳли техника юборди. Баку бунга нима дейди?

Олам

image

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Франциянинг Арманистонга Bastion кўп мақсадли ҳужумчи зирҳли техникаларини етказиб беришини қоралади. Бу ҳақда ТИВ матбуот котиби Айхан Ҳожизода баёнот берди.

"Биз Франциянинг Арманистонга Bastion ҳужумчи зирҳли техникасини юборганини кескин қоралаймиз", дейди Ҳожизода.

Унинг сўзларига кўра, ҳарбий техниканинг етказиб берилиши Арманистоннинг минтақадаги ҳарбий салоҳияти ва бузғунчи фаолиятини кучайтиришга хизмат қилади.

“Ўзини халқаро ҳуқуқ ҳамда минтақадаги тинчлик ва барқарорлик тарафдори сифатида кўрсатаётган Франциянинг бу қадамлари давлатлар суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва халқаро чегараларини ўзаро тан олиш асосида муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини шубҳа остига қўяди ва вазиятни кескинлаштиришга хизмат қилади”, дейди Озарбайжон ТИВ расмий вакили.

Унинг таъкидлашича, Парижнинг Бакуга қарши туҳмат кампанияси фонида Арманистонни ҳарбийлаштириш сиёсатига хизмат қиладиган бу ҳаракатлар Франция нотўғри манфаатлардан келиб чиқаётганидан далолат беради.

“Арманистон ва Франция ниҳоят  минтақада тинчлик ва ҳамкорликка муқобил йўқлигини тушуниши керак”, деган Ҳожизода.

Маълумот учун, шу кунларда Арманистоннинг бир қатор оммавий ахборот воситаларида Acmat компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Bastion кўп мақсадли зирҳли машиналарининг Ереванга (Арманистон) етиб келгани акс этган фотосуратлар чоп этилмоқда. Зирҳли машиналарнинг биринчи партияси Грузия ҳудудлари орқали юборилган, деб ишонилади. Етказиб берилган машиналар сонини аниқлаш қийин, бироқ фотосуратда ўн бешдан ортиқ зирҳли техника кўрсатилган. 

Қайд этилишича, етказиб беришлар Грузия иштирокида амалга оширилмоқда, қуроллар унинг портига етиб боради ва у ердан Арманистонга қуруқлик орқали олиб ўтилади. Афтидан, Франция октябрь ойида Парижда тузилган келишув доирасида арман армиясини қуроллантириш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга киришган. 

Бундан ташқари, Франция Ереванни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, яъни радар станциялари ва зенит тизимлари билан таъминлаши ҳақида ҳам маълумот бор.

Бироқ ҳозиргача, на Франция, на Арманистон Bastion зирҳли машиналари етказиб берилганини тасдиқловчи расмий маълумот эълон қилгани йўқ. 

“Арманистон ва Франциянинг мудофаа соҳасидаги ҳамкорлигига оид расмий хабарлар ва баёнотлардан ташқари, ҳозирча биз қўшимча маълумот бера олмаймиз”, деган Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Арам Торосян Бастион ҳақидаги хабарларга муносабатида.

Бироқ ҳозиргача, на Франция, на Арманистон Бастион зирҳли машиналари етказиб берилганини тасдиқловчи расмий маълумот эълон қилгани йўқ. 

Bastion – бу 4 х 4 кўп мақсадли зирҳли транспорт воситаси бўлиб, у саккиз нафар ҳарбий хизматчини жиҳозлар билан ташиш учун мўлжалланган зирҳли тўрт ғилдиракли ҳарбий йўлтанламас транспорт воситаси сифатида ҳам таърифланади. Унинг зирҳи 7,62 мм ўқларга бардош бера олади. Африка ва Яқин Шарқда фойдаланиш учун махсус ишлаб чиқилган Бастион 12 тонна оғирликда, соатига 110 км тезликка эришади.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Озарбайжон Арманистон Bastion

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made