Озарбайжон Туркия билан ҳарбий машғулотлар ўтказяпти. Алиев буни фавқулодда ҳолатга йўймасликка чақирди
Олам
−
14 Август 2020
6081Озарбайжон ва Арманистон қуролли кучлари қўшма ҳарбий машқларни олиб бормоқда. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бундан бошқа маъно ёки фавқулодда ҳолат қидирмаслик, икки мамлакат ҳарбийлари ўртасида ҳамкорликдаги бундай машқлар ҳар йили ўнлаб ўтказилиши ҳақида гапирди. У бунга Туркия Республикаси Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи, армия генерали Яшар Гулер ва Қуролли кучлар қўмондони, армия генерали Умит Дундар билан учрашувда тўхталган. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги вазият кескин тус олиб бормоқда. Жорий йилнинг 12-16 июль кунлари икка мамлакат ҳарбийлари ўртасида юз берган қуролли тўқнашув кескинликни янада оширди. Қуролли тўқнашув натижасида Озарбайжон Республикаси Қуролли кучларининг ҳарбий хизматчилари ва бир нафар тинч аҳоли вакили қурбон бўлди.
Илҳом Алиев туркиялик Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар ва Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи, армия генерали Яшар Гулер ва Қуролли кучлар қўмондони, армия генерали Умит Дундар билан мулоқотда Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги бугунги ҳолат ҳақида ҳам сўз очган.
“Бир ой олдин, Арманистон қуролли кучларининг Озарбайжонга қарши яна бир ҳужуми натижасида, аскарлар ва бир тинч аҳоли ҳалок бўлди, бу Арманистоннинг Озарбайжонга қарши агрессив сиёсати давом этаётганини яна бир бор кўрсатмоқда. Туркия бизни қўллаб-қувватлаган биринчи ва аниқ мамлакат эди”, дейди Алиев.
У сўзи давом этаркан, ҳарбийлар ўртасида ўтказилган машқлар икки мамлакат биродарлигини ўзида ифода этади.
“Ушбу машқлар ҳарбий ҳамкорлик нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга, шу билан бирга улар одамлар ўртасидаги алоқаларни, миллатлар ўртасидаги қардошликни мустаҳкамлашда жуда муҳим ва фойдалидир. Бу анъана. Маълумки, ҳар йили Озарбайжонда ҳам, Туркияда ҳам 10 дан ортиқ қўшма машқлар ўтказилади. Шунинг учун бу одатий ҳолдир. Мен бу ерда бирон бир фавқулодда вазиятни излашга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайман. Биз ҳам ушбу машқларнинг баъзи мамлакатларда ташвиш туғдираётганига гувоҳмиз. Аммо бунга ҳеч қандай сабаб йўқ”, дейди Президент.
Ўз навбатида Миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар қабул учун миннатдорлик билдириб, Туркия давлат ва 83 миллионлик халқ Озарбайжонни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирган. У бунда ҳарбий соҳадаги имкониятлар ва ҳамкорликни ҳам назарда тутган.
“Биз нафақат мамлакатларимиз хавфсизлиги, балки бутун Кавказда, бутун минтақада тинчлик ва осойишталик тарафдоримиз. Бошқа томондан, ҳамма ўз ҳуқуқ ва манфаатларимизнинг бузилишига йўл қўймаслигимизни билишини истаймиз ва уларни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барча чораларни кўрамиз”, деган вазир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 август куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Россия Федерация Президент Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, расмий Москва Арманистонга қурол-яроқ етказиб бераётганидан хавотирда эканини айтганди.
Маълумот учун, икки давлат чегарасидаги вазият 12 июль куни кескинлашди. Озарбайжонда Арманистон Қуролли кучлари ҳужумга ўтгани айтилди. Расмий Ереван ҳам озарбайжонлик аскарлар ҳужумга ўтганини сабаб қилиб кўрсатди. Ҳозиргача расмий Баку 12 нафар ҳарбий жумладан генерал-майор Пўлат Гашимов ҳам ҳалок бўлганини билдирди. Ереван эса 4 қурбон ва 10 жароҳатланган аскар ҳақида маълумот берди.