“Замҳоким”нинг ўғли зўрлагани айтилган қиз иши бўйича суд ҳукми бекор қилинди
3-саҳифа
−
11 Август 2022
40634Бугун, 11 август куни Ўзбекистон Олий суди Андижонда жинсий зўровонлик қурбони бўлган 14 яшар қиз ишини кассация тартибида кўриб чиқиб, шу пайтгача чиқарилган барча даражалаги суд ҳукмларини бекор қилди. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Таъкидланишича, жиноят иши процессуал талаблар қўйилиб, қайта суд тергови ўтказиш учун Тошкент шаҳар судининг аппеляция инстанциясига юборилган.
“Катта эҳтимол билан ишга нисбатан Саида Мирзиёеванинг аралашуви таъсир қилди, деб ўйлайман. Аксинча, қизга жинсий тажовуз қилган шахсларга нисбатан жуда енгил жазо тайинланган, улар қисқа муддатли қамоқдан сўнг озодликка чиқарилганди.
"Замҳоким"нинг ўғли дохил зўровонларга нисбатан энди қайта терговлар бошланади, уларни узоқ йиллик қамоқ кутмоқда.
Менимча, педофилия жиноятлари туркуми учун жиноий жазоларни кучайтириш фурсати етди. Қачонгача кимнингдир таъсири билан адолат қарор топади”, деб ёзган Ташанов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Ташановнинг маълум қилишича, жабрланувчининг онаси NeMolchi лойиҳасига йўллаган мурожаатида қизига фақатгина бузуқ ҳаракатлар қилинмаганини, аксинча, у зўрланганини айтмоқда.
“2021 йил 11 май куни 13 ёш қизимни ҳоким ўринбосарининг ўғли ҳокимият машинасида 3 та ошнаси билан ҳеч ким овозини эшитмайдиган ва қочишга имкони йўқ жойга олиб бориб, зўрлик ишлатиб, кўкрак қисмларини чидаб бўлмас даражада кўкартириб, ўз жинсий эҳтиёжларини қондиришган. Бу "махлуқ"ларга фақатгина 4 ой жазо берилди. Аммо улар бир ярим ойда колониядан чиқди, мени қизимни эса мактабда ўқиб юрган жойидан олиб, воқеа юз берганидан 14 кун ўтиб, тарбияси оғир болалар мактабига ноқонуний равишда юборишди. Сабаби "махлуқ"лардан бирининг онаси ҳоким ўринбосари эди.
Мен қизимга чиқарилган ажрим ортидан жуда кўп жойларга учраб, қизимни тарбияси оғир болалар мактабига ноқонуний юборишганини исботладим. Қизимга чиқарилган ажримни Олий суд тарафидан бекор қилдирдим ва ажрим чиқарган Пахтаобод судьяси, апелляциямни қаноатлантирмаган Андижон вилоят судьясининг ҳам устидан ёзиб, интизомий жазога торттирдим. 13 ёш қизимга қилинган бу зулмларни умримнинг охиригача унутмайман.
У болалар бир ярим ойда қамоқдан чиқди ва қолган икки шериги билан Москвага қочиб кетди. Икки нафари ҳаттоки жазо олмади, исботи топилмади, деб бу ишни ёпишди. Ваҳоланки, машинада 4 киши борлигини кўрган гувоҳ хам бор эди. Илк тергов вақтлари улар хам терговга қатнашган экан. Мени вояга етмаган қизимга “агар 4 киши эканимизни айтсанг, ўлдириб кетамиз, ҳеч кимни руҳи хам билмайди”, деб таҳдид қилишган. Қизим қўрққанидан айтолмаган, аммо гувоҳ айтганидан кейин, қизим ҳам айтишга мажбур бўлди.
Ҳаттоки Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – омбудсман ҳам қўлимдаги далил ва исботларимни кўриб, ўз расмий саҳифаларига жойлаштирди. Бизни ҳимоя қилиб, судга ҳам бир неча бор тавсия хатлари киритди, аммо судьялар яна у йигитлар тарафда турди”, дейди жабрланувчининг онаси NeMolchi.uz лойиҳасига йўллаган мактубида.
Маълумот учун, Андижон вилояти Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари Д.Х.нинг ўғли И.Ш. ва унинг шериги М.А. вояга етмаган қизга бузуқ ҳаракат қилгани ҳақида хабар берган эдик. Воқеа 2021 йил 11 май куни содир бўлган. Бош прокуратурага кўра, “замҳоким”нинг ўғли И.Ш. ва унинг шериги М.А. ўзаро жиноий тил бириктириб, ўтган йили 11 май куни соат тахминан 22:00 да 16 ёшга тўлмаган О.И.ни (2007 йилда туғилган) бошқарувида бўлган Nexia-3 машинасида Андижон шаҳрига олиб кетган. Пахтаобод туманига қайтишда эса машина салонида 16 ёшга тўлмаганини билган ҳолда О.И.га турли уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилган.
Мазкур ҳолат бўйича 2021 йил 11 июнда Пахтаобод туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод тумани судининг ўтган йил 30 августдаги ҳукмига кўра, И.Ш. ва М.А. Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Жиноят иши 2021 йил 9 декабрда Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
LiveБарчаси