Олимлар Ойнинг янги тасвирларини намойиш этди (видео)
Бу қизиқ
−
28 Февраль 2025 9395 2 дақиқа
Firefly Aerospace хусусий аэрокосмик компанияси Ой юзасининг ҳайратланарли тасвирларини эълон қилди. Ушбу тасвирлар Blue Ghost қўнувчи модули томонидан қўнишдан олдин амалга оширилган манёврлар чоғида олинган. Ўн баравар тезлаштирилган видеода Ойнинг тескари томони ва модулнинг ўзи, хусусан, унинг радиатор панеллари ҳамда йўналиш двигателлари акс этган. Сурат ва видеолар Firefly Aerospace томонидан эълон қилинган.
Blue Ghost бортида NASA’га тегишли 10 та илмий ва технологик асбоб жойлашган бўлиб, улар Ойнинг Инқироз денгизи – базальт лаваси билан қопланган улкан зарба ҳавзасини ўрганади. Бу Firefly Aerospace компанияси NASA учун амалга ошираётган учта миссиядан биринчиси ҳисобланади.
Иккинчи миссия 2026 йилда Ойнинг тескари томонига аппарат юборишни назарда тутади. 2028 йилда эса компания Ойнинг кўринадиган томонида жойлашган Груйтуйзен гумбазларини ўрганиш учун rоver жўнатади. Ушбу миссиялар орқали олинган маълумотлар NASA’нинг узоқ муддатли Ой базасини яратиш режалари учун асос бўлади.
Инқироз денгизига қўниш 2 мартга белгиланган. Агар миссия муваффақиятли ўтса, модуль бир ой куни давомида (14 ер суткаси) ишлайди, қуёш тутилиши ва Ой ботишини қайд этади ҳамда ойнинг “шафқатсиз” кечасида яна бир неча соат ишлашга уринади.
Аммо аппарат узоқ муддат ишлай олмайди – тун давомида ҳарорат -246 даражагача тушади, бу эса электрониканинг ишлашини деярли имконсиз қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Миллий аэронавтика ва космик тадқиқотлар бошқармаси (NASA) одамларни Ойга олиб чиқишни режалаштирган Artemis II ва Artemis III миссияларини мос равишда 2026 йил апрель ва 2027 йил ўрталарига кўчирган эди.
Live
Барчаси