NASA одамларни Ойга олиб чиқиш миссиясини кейинга қолдирди

Бу қизиқ

image

АҚШ Миллий аэронавтика ва космик тадқиқотлар бошқармаси (NASA) одамларни Ойга олиб чиқишни режалаштирган Artemis II ва Artemis III миссияларини мос равишда 2026 йил апрель ва 2027 йил ўрталарига кўчирди. Илгари Artemis II миссияси 2024 йил охирида, Artemis III эса 2025 йилда амалга оширилиши режалаштирилганди. Бу ҳақда агентликнинг расмий сайтида эълон қилинди.

Қайд этилишича, ушбу қарор Artemis I миссияси доирасида Orion космик кемасининг синов парвозларидан сўнг қабул қилинган. Синовлар 10 апрелдан бошлаб NASA’нинг Кеннеди номидаги космик марказидаги вакуум камерасида ўтказилган. Май ойида NASA синов парвозлари чоғида Orion кемасининг иссиқлик қалқони зарар кўрганини кўрсатувчи суратларни эълон қилган. Қалқон абляцион ҳимоя технологияси ёрдамида ишлаб чиқилган бўлиб, атмосферага киришда бир текисда ёниб, буғланиши керак эди. Аммо синовларда бундай бир хил ёниш натижасига эришилмаган – қалқоннинг айрим қисмлари қаттиқ куйган, катта бўлаклар узилиб, бошқа жойларига зарар етказган. Кеча, 5 декабрь куни NASA ушбу муаммо сабабли Artemis II ва III миссиялари учун иссиқлик қалқони тузилиши ўзгартирилишини маълум қилган.

Artemis I дастури доирасида Orion космик кемаси 2022 йил августида муваффақиятли равишда Ойга учирилган, у Ой атрофини айланиб чиқиб, ноябрь ойида Тинч океанига қайтиб қўнган. Artemis II дастлаб тўрт кишилик экипаж билан Ой атрофини айланиб чиқишни 2024 йил охирида амалга оширишни кўзда тутган. Artemis III эса 2025 йилда Ой жанубий қутбига илк астронавтлар қўнишини режалаштирганди. 2024 йил январида NASA Artemis II миссиясини 2025 йил сентябрига, Artemis III ни эса 2026 йил сентябрига қолдирганди. Ўшанда NASA раҳбари Билл Нельсон бу қарор синовлар чоғида батарея ва ҳаво вентиляцияси ҳамда ҳароратни назорат қилиш тизими компонентларида аниқланган муаммолар туфайли қабул қилинганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Флорида штатидаги космодромдан SpaceX компаниясининг Falcon ракетаси Юпитернинг 95 йўлдошидан бири бўлган – Европада ҳаёт изларини қидириш мақсадида Europa Clipper деб номланган космик станцияни орбитага чиқарганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ой NASA миссия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг