Огоҳлантириш: “Толибон” бўйсунмас Панжшернинг таслим бўлишига 4 соат вақт берди (видео)

Олам

image

“Толибон” Афғонистоннинг Панжшер вилоятидаги қаршилик кучларига ҳудудни ҳаракат назоратига топшириш учун тўрт соат вақт берди. Бу ҳақда “Al Arabiya” телеканали бугун, 22 август куни маълум қилди.

Таъкидланишича, толиблар Аҳмад Масъудга (“Толибон”га қаршилик кўрсатиш лидери] Панжшер вилоятини топшириш учун тўрт соат вақт берган. 

“Толибон” ҳарбий бўлинмалари вилоятни эгаллаб олиш учун операцияни бошлашга тўлиқ тайёр турибди”, дейилади хабарда. 

Қайд этиш керакки, толибларнинг ушбу баёноти билан бир вақтда ижтимоий тармоқлар орқали “Толибон” қўшинлари Панжшер вилоятига юриш қилаётгани акс этган видеолавҳалар тарқалди.

Маълумот ўрнида, Панжшер ва “Толибон” ўртасида музокаралар бошлангани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бундан аввалроқ, Россиянинг Афғонистондаги элчиси Дмитрий Жирнов ОАВга “Толибон” қон тўкишни истамаслиги, аксинча Аҳмад Масъуд билан келишиб олмоқчилигини маълум қилганди. Музокаралар ўз натижасини бермаган кўринади. 

Панжшер — “Толибон”га бўйсунмаган ягона вилоят

Ушбу вилоят Афғонистонинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган. Панжшерда “Толибон”га қарши кучлар тўпланаётгани ҳам айтилмоқда ва ҳозирда ушбу провинция толибларга қаршилик кўрсатиш маркази бўлиши тахмин қилиняпти. 

Бу ерда Афғонистоннинг бир қатор нуфузли сиёсий фигуралари жамланган: мамлакатнинг 1992-1996 йиллардаги Мудофаа вазири, машҳур “дала қўмондони” Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд, биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ, Маршал Aбдул-Рашид Дўстум ҳамда унинг ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

467

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг