Оҳангарон сувомбори ёнида ҳам туристик маскан қурилади

Жамият

image

Тошкент вилоятидаги Оҳангарон сувомбори атрофида камида 600 нафар сайёҳни қабул қила оладиган янги маскан барпо этилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Зоир Мирзаев кеча, 11 сентябрь куни “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Кеча, 11 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Туристик маскан масаласи ҳам шу ерда муҳокама қилинди.

Зоир Мирзаевнинг маълум қилишича, Оҳангарон сувомборининг атрофидан 168 гектар ер майдони ажратилган. У ерда Туркия компанияси билан лойиҳа қилинади. Лойиҳа доирасида 700 одам учун иш ўрни яратилади. 

“Меҳмонхона, капсула уйлари ва шалелар қурилади. Камида 600 нафар туристни қабул қиладиган янги маскан бўлади.

Энг асосийси, бу ерда шаҳарнинг экозонаси ташкил бўляпти. Худди мана шу тажрибани Паркент ва Бўстонлиқда қўллаш бўйича ҳам таклифлар бўлди”, деди Тошкент вилояти ҳокими. 


Маълумот учун, Оҳангарон сувомбори Ангрен шаҳрининг шарқий чеккасида, кўмир конининг тепасида жойлашган. У Оҳангарон дарёсидаги гидротехник иншоот бўлиб, сувомборда тўпланган сувлар Охангарон, Ўрта Чирчиқ, Пискент, Бўка туманларида суғориш учун ишлатилади.

Сувомбор Оҳангарон сувларини мавсумий тартибга солиш учун қурилган. У 1989 йилда тўлдирилган. Тўлдирилганда сув сатҳининг баландлиги тахминан 1080 м, сувомборнинг умумий ҳажми эса 260 миллион м³.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида жойлашган “Жанубий Сурхон” сувомбори ҳудудида умумий майдони 15,7 гектар, қиймати 140 млрд сўмлик бўлган экотуризм комплекси қурилиши режалаштирилгани хабар қилинганди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Озарбайжонлик хонанда ва ишбилармон Эмин Агаларов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга “Чорвоқ” сувомбори бўйида қурилиши режалаштирилаётган “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро туризм марказининг лойиҳасини тақдим қилганди. Шундан сўнг, туризм маркази бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинганди. Унга кўра, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги 577 гектар ер участкасининг Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги тасарруфига қайтарилган ва бўш турган ер участкаси сифатида ҳисобга олинган қисмлари “Agalarov Development” МЧЖ (Озарбайжон) иштирокидаги “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖга 25 йилга тўғридан тўғри ижарага берилади. У ерда 2025-2035 йилларда қиймати 5 млрд АҚШ долларини ташкил этадиган умуммавсумий курорт мажмуаси барпо этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент вилояти Зоир Мирзаев Оҳангарон сувомори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг