Чорвоқда қурилаётган “Sea Breeze Uzbekistan” бўйича ҳукумат қарори чиқди
Жамият
−
03 Август 20240 3 дақиқа
Озарбайжонлик хонанда ва ишбилармон Эмин Агаларов томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудида Чорвоқ сув омбори бўйида қурилиши режалаштирилаётган “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро туризм маркази бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори жорий йилнинг 1 август куни қабул қилинди. Қарор матни Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига жойлаштирилди.
Унга кўра, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги 577 гектар ер участкасининг Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги тасарруфига қайтарилган ва бўш турган ер участкаси сифатида ҳисобга олинган қисмлари, ер участкаларининг тоифаси ўзгартирилганидан сўнг “Agalarov Development” МЧЖ (Озарбайжон) иштирокидаги “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖга ижара муддати тугагандан кейин янги муддатга узайтириш бўйича устувор хуқуқ билан 25 йилга тўғридан тўғри ижарага берилади. У ерда 2025-2035 йилларда қиймати 5 млрд АҚШ долларини ташкил этадиган умуммавсумий курорт мажмуаси барпо этилади.
Қарорда “Sea Breeze Uzbekistan”га бир қатор мажбуриятлар юклатилди. Яъни МЧЖ лойиҳани экологик талабларга риоя қилган ҳолда амалга ошириши, шу жумладан, лойиҳани амалга ошириш даврида ва лойиҳа ишга тушгандан кейин чиқинди ҳамда оқова сувларнинг Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёсига ташланишига йўл қўймаслиги керак. Агар бунга риоя қилинмаса, лойиҳа тўхтатилади ва компаниянинг ерга бўлган ижара ҳуқуқи бекор қилинади.
Шунингдек, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда лойиҳани амалга оширишда сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳилбўйи минтақасига қўйилган талабларга риоя қилиниши, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, сувни муҳофаза қилиш ва санитария зоналарида қурилиш ишларини олиб бормаслик бўйича қатъий назорат ўрнатиши лозим. Қурилиш ортидан бузилиши мумкин бўлган дача ва бошқа хусусий мулк эгаларига компенсация тўлаб берилади.
Шу билан бирга, 1 ой ичида Агаларовнинг ушбу лойиҳаси қуриладиган ҳудудда қад ростлаган дарахтлар хатловдан ўтказилади ва қурилишости ҳудудларига тўғри келаётган дарахтлар қимматбаҳо, кам қимматли ва нобуд бўлган тоифаларга ажратилади. Қимматбаҳо дарахтлар умуммавсумий курорт барпо этиш лойиҳасига асосан ташкил этилаётган яшил зоналарга ёки ўрмон фондининг бошқа ерларига кўчирилади. Кам қимматли дарахтлар бошқа ҳудудга кўчирилади ёки ташкилот томонидан дарахт кесилса, тўловни амалга оширмасдан бир туп кесилган дарахт ўрнига МЧЖ компенсация сифатида тупроқ-иқлим шароитига мос 5-7 йиллик 10 туп кўчат экиши шарт. Нобуд бўлган дарахтларни эса белгиланган тартибда кесишга рухсат берилади. Уларни назорат қилиш учун Экология вазирлиги масъулдир.
Маълумот учун, Эмин Агаларов Чорвоқ сув омбори бўйида “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро туризм маркази барпо этиш истагини ўтган йили билдирган. У жорий йил 14 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга халқаро туризм марказининг мастер-режасини тақдим қилган.