Президент Чорвоқда Эмин Агаларов қураётган лойиҳа билан танишди
Жамият
−
14 Апрель
14242Ўтган йили озарбайжонлик хонанда ва ишбилармон Эмин Агаларов Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудида Чорвоқ сув омбори бўйида “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро туризм маркази барпо этиш истагини билдирганди. У бугун, 14 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга халқаро туризм марказининг мастер-режасини тақдим қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистондаги қулай инвестиция муҳити туфайли барча соҳаларга илғор ғоялар кириб келмоқда, янги мажмуалар барпо этилмоқда. Хусусан, туризмда сўнгги йилларда 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлаган. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошган. Биргина Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ ҳудудида Амирсой ва “Ugam River” каби курортлар, “Белдирсой-Чимён-Нанай” туризм масканлари ташкил этилган.
“Бундай ривожланиш суръати чет эллик инвесторларни ҳам ўзига тортмоқда. Жумладан, Чорвоқ сув омбори бўйида “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро туризм маркази қурилиши ҳақида аввал хабар берилган эди. Бу галги тақдимотда ушбу йирик лойиҳанинг бир нечта хорижий компаниялар иштирокида ишлаб чиқилган мастер-режаси кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, туризм марказини 10 та кичик ҳудудга бўлиб қуриш кўзда тутилмоқда. Уларнинг ҳар бири пиёда бориш мумкин бўлган кўнгилочар маскан ва хизматларни қамраб олади. Икки қирғоқ ўртасида кўприк қурилиб, келувчиларга қулайлик оширилади. Сув бўйида хиёбон, пляж ва дам олиш жойлари бўлса, қияликларда меҳмонхоналар, коттежлар, уйлар, ресторан ва томошагоҳлар бўлади. Шунингдек, маданият, таълим, тиббиёт, спорт масканлари барпо этилади. Яъни бу ерда фақат саёҳат эмас, балки йил давомида яшаш имконияти ҳам яратилади.
Давлат раҳбари бу лойиҳа барча ташриф буюрувчиларга қулай бўлиши лозимлигини таъкидлаб, мажмуани зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Маълумот учун, Эмин Агаларов Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг қизи Лейла Алиеванинг собиқ турмуш ўртоғи. Улар 2006-2015 йиллар бирга яшаган. Уч нафар фарзанди бор. Собиқ куёв нафақат хонанда, балки Agalarov Development компанияси вице-президенти ҳам.