Сурхондарёда ҳам сувомбор бўйида туризм мажмуаси қурилади
Жамият
−
25 Август 5479 2 дақиқа
Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида жойлашган “Жанубий Сурхон” сувомбори ҳудудида умумий майдони 15,7 гектар, қиймати 140 млрд сўмлик бўлган экотуризм комплекси қурилиши режалаштирилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, лойиҳа доирасида табиий муҳитни асраб-авайлаш, янги яшил майдонлар ташкил этиш, экологик талабларга мос йўл ва инфратузилмалар барпо этиш ҳамда оқова сувларни тозалаш тизимини жорий қилиш назарда тутилган.
“Сурхондарё вилоятида тоғли рекрецион ҳудудлар, сувомборлар, кўллар ва дарё соҳиллари имкониятларидан самарали фойдаланиб, табиатга зиён етказмаган ҳолда экотуризмни ривожлантириш ишлари амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов таклиф ва тавсиялар асосида такомиллаштирилган лойиҳа тақдимоти билан танишган. Ҳудуд кўздан кечирилиб, қурилиш ишларини тизимли ва босқичма-босқич амалга ошириш, белгиланган талаблар асосида қисқа муддатларда бошлаш вазифалари топширилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 апрель куни Озарбайжонлик хонанда ва ишбилармон Эмин Агаларов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга “Чорвоқ” сувомбори бўйида қурилиши режалаштирилаётган “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро туризм марказининг лойиҳасини тақдим қилганди. Шундан сўнг, туризм маркази бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинганди. Унга кўра, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги 577 гектар ер участкасининг Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги тасарруфига қайтарилган ва бўш турган ер участкаси сифатида ҳисобга олинган қисмлари “Agalarov Development” МЧЖ (Озарбайжон) иштирокидаги “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖга 25 йилга тўғридан тўғри ижарага берилади. У ерда 2025-2035 йилларда қиймати 5 млрд АҚШ долларини ташкил этадиган умуммавсумий курорт мажмуаси барпо этилади.