Ноқонуний тарзда Умра тадбирларини ташкил этган турфирмалар жавобгарликка тортилди
3-саҳифа
−
09 Декабрь
4945Ноқонуний тарзда Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти билан шуғулланаётганларга нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилмоқда. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита хабар берди.
Маълум қилинишича, ибодат мақсадида Саудия Арабистонига ташриф буюрган, аммо Макка шаҳрига киритилмаган, қолаверса, меҳмонхонадан чиқариб юборилган ҳамда қайтиш учун авиачиптага эга бўлмаган 93 нафар ўзбекистонлик ва тожикистонлик фуқародан мурожаат келиб тушган.
Қайд этилишича, ушбу зиёратчиларнинг аксари “Yusro tour”, “Muslim travel”, “Meta travel”, “Elchi travel” томонидан сафарга юборилган. Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги консулхона томонидан масала ўрганилганда, ушбу зиёратчилар номидан меҳмонхонага тўлов қилинмагани аниқланган. Шу билан бирга, турфирмаларнинг Саудияда жойлашган меҳмонхонадан 35 минг АҚШ доллар қарзи борлиги маълум бўлган. Шундан сўнг, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда фуқароларни ўз юртига қайтариш масаласи кўриб чиқилган.
Яна бир ҳолатда Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги лицензияга эга бўлмаган “Ultra Parvoz” турфирмаси ҳам ноқонуний тарзда Умрага юбориш билан шуғулланиб келгани аниқланган. Қолаверса, Тошкент шаҳрида жойлашган “Yasin travel” турфирмаси ноқонуний равишда 74 нафар фуқарони Умрага юборган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноий иш қўзғатилган.
Рейд тадбирлари давомида Наманган шаҳрида жойлашган “Atlas travel” турфирмаси орқали 30 нафар фуқарони ноқонуний, лицензиясиз Умра сафарига юбориш учун авиабилет ва бошқа тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 31 минг 900 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, фуқароларни жорий йилнинг 8 ноябрь куни Тошкент-Дубай-Жидда ҳаво йўли орқали Саудия Арабистонига юборганлиги аниқланган. Фирма оператори фуқароларнинг қайтиш авиабилетларини расмийлаштирмасдан, 8 минг 900 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Қолаверса, Фарғона вилоятидаги “Маhdiy Travel”, “Parvoz Ekspress” ҳамда “Muhayyo 22−10” турфирмалари ҳам фуқароларга тегишли лицензиясиз ноқонуний фаолият кўрсатган. Уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 октябрь куни “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 300-сонли қарори қабул қилинганди. Унга кўра, Умра зиёрати хизматини кўрсатиш бўйича лицензия соҳасидаги қонунбузарлик учун юридик шахсларга солинадиган жарима миқдори БҲМнинг 200 баравари (75 миллион сўм) этиб белгиланганди.
LiveБарчаси