Умра лицензияси учун янги талаблар эълон қилинди
Жамият
−
13 Октябрь
123912024 йил 9 октябрь куни “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 300-сонли қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастури хабар берди.
Маълумки, 2024 йил 2 июлда қабул қилинган 935-сонли қонун билан жорий йил 5 октябрдан Дин ишлари бўйича қўмита Умра хизматини кўрсатиш бўйича лицензия берувчи ваколатли орган сифатида белгиланди. Вазирлар Маҳкамасининг 300-сонли қарори билан Дин ишлари бўйича қўмита лицензиясининг шартлари эълон қилинди. Хусусан, қуйидаги лицензия талаб ва шартлари жорий этилмоқда:
- 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни “Зиёрат жамғармаси”га захира қилиб қўйиш;
- Зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш;
- Турфирма штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот;
- Вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик;
- Ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик;
- Зиёратчилар учун Саудия Арабистонининг фақат “Умра визаси”ни расмийлаштириш – бошқа виза билан олиб бориш ноқонуний ҳисобланади;
- Умра хизматлари Саудия Арабистони подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш ва улар кўрсатадиган хизматлар учун тўловларни банк муассасалари орқали амалга ошириш;
- Зиёратчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, хусусан ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш;
- Халқаро йўналишда 2 йилдан кам бўлмаган тажрибага эга, бу даврда йўловчи ташишнинг халқаро ва миллий қонунчилик талабларини бузмаган авиакомпания билан ҳамкорлик қилиш;
- Зиёратчиларни юборишдан олдин уларга бориш ва қайтиш авиачипталарини харид қилиш;
- Зиёратчиларни тоифаси 3 юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарга жойлаштириш;
- Умра хизматини 3-давлатлар орқали кўрсатмаслик;
- Хизматларни лицензияда кўрсатилган манзилдан бошқа жойдаги ваколатхона ёки филиал орқали кўрсатмаслик.
Умра зиёрати хизматини кўрсатиш бўйича лицензия соҳасидаги қонунбузарлик учун юридик шахсларга солинадиган жарима миқдори БҲМнинг 200 баравари (75 миллион сўм) этиб белгиланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь