Нигерияда текин совға олмоқчи бўлган 13 киши ҳалок бўлди
Олам
−
22 Декабрь
4446Нигерияда ҳар йили ўтказиладиган Рождество тадбирларида озиқ-овқат ва кийим-кечаклар олиш учун тўпланган оломондан 13 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди. https://www.aljazeera.com/news/2024/12/21/at-least-13-people-killed-in-nigeria-stampedes-at-charity-events
Маълум қилинишича, ҳодиса кеча, 21 декабрь куни Нигерия пойтахти Абужа шаҳрида черков томонидан тарқатилган хайрия совғаларини йиғиш вақтида содир бўлган. Унда одамлар совға олишга шошилган. Ҳодиса оқибатида 10 киши ҳалок бўлган ва кўплаб одамлар яраланган. Қайд этилишича, вафот этганлар орасида 4 бола ҳам бор.
“Маҳаллий вақт билан тонгги соат 6:30 атрофида содир бўлган ушбу бахтсиз ҳодиса тиқилинчга олиб келди, оқибатда 10 киши, шу жумладан тўрт бола ҳалок бўлди ва яна саккиз киши турли даражадаги жароҳатлар олди”, деган полиция вакили Жозефина Адеҳ.
Штат полициясининг маълум қилишича, ундан ташқари Нигерия жанубидаги Анамбра штатидаги Окижа шаҳрида хайриячи томонидан уюштирилган хайрия тадбирида юз берган тиқилинчда ҳам уч киши ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, иккала ҳодисада ҳам қурбонлар асосан аёллар ва болалар бўлиб, оломон таклиф этилган совғага етиб олишга уринаётганда оёқ ости қилинган.
Президент матбуот котиби ўз баёнотида, мамлакат раҳбари Бола Тинубу кеча, 21 декабрь куни Лагосдаги барча расмий тадбирларни “тўқнашув қурбонлари хотирасига” бекор қилганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 15 октябрь куни Нигериянинг шимолида ёнилғи ташувчи автомобиль ҳалокатга учраб, портлаб кетганди. Оқибатда камида 94 киши ҳалок бўлганди. Юк машинаси ҳалокатидан сўнг одамлар ундан тўкилган ёнилғини олиш учун тўпланган пайтда портлаш содир бўлган.
LiveБарчаси