Нигерияда ёнилғи автомобили портлаб кетди. 100 га яқин одам ҳалок бўлди
Олам
−
16 Октябрь
3240Кеча, 15 октябрь куни Нигериянинг шимолида ёнилғи ташувчи автомобиль ҳалокатга учраб, портлаб кетди. Оқибатда камида 94 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, юк машинаси ҳалокатидан сўнг одамлар ундан тўкилган ёнилғини олиш учун тўпланган пайтда портлаш содир бўлган. Оқибатда уларнинг кўпчилиги қурбон бўлган ва уларнинг сони яна кўпайиши кутилмоқда. Воқеа Нигериянинг Жигава штатидаги Мажия қишлоғида кечки пайтда юз берган.
Жигава штати полицияси вакили Шису Лавон Адамнинг сўзларига кўра, ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва автомобиль ағдарилиб, йўл четидаги зовурга ёнилғи тўкилган. Воқеа оқибатида камида 50 киши оғир жароҳат олган, қурбонлар сони эса камида 94 нафар.
“Аҳоли тўкилган ёнилғини йиғишга киришган пайтда портлаш содир бўлди”, дейди Адам.
Қайд этилишича, нафақат Нигерия, балки Африканинг бошқа кўплаб давлатларида ҳам ёнилғи ташувчи автомобиллар портлаши ва ҳалокатлари тез-тез учрайди, чунки бу давлатларда нефть маҳсулотлари кўпинча оддий йўл орқали ташилади.
Маълумот учун, олдин ҳам бундай ҳолатлар кўплаб қурбонларга олиб келган. Масалан, 2020 йилда Нигерия йўл хавфсизлиги агентлиги маълумотларига кўра, 1500 дан ортиқ ёнилғи ташувчи автомобиль ҳалокатлари натижасида 500 дан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмган.
Нигерияда бензин қиммат ва етишмовчилик бўлгани сабабли, яшаш шароитлари оғир бўлган аҳоли ёнилғи ташувчи автомобиллар ағдарилиб кетган пайтларда хавф-хатарга қарамай, уни олишга уринади.
Маълумотларга кўра, ўтган йили ҳукумат бензин субсидиясини бекор қилганидан сўнг, нархлар одатдаги кўрсаткичдан олти баравар кўтарилган. Нефть бўйича Африканинг етакчи давлатларидан бири бўлишига қарамасдан, Нигерияда қашшоқлик кенг тарқалган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси таркибидаги Доғистон республикаси пойтахти Махачқалъадаги ёнилғи қуйиш шохобчасидаги портлаш 10 кишининг умрига зомин бўлган эди.
LiveБарчаси