Ҳормузнинг ёпилиши қанчага тушгани маълум бўлди
Олам
−
30 Октябрь 4862 4 дақиқа
Яқин Шарқдаги можаро сабабли бензин ва дизель ёнилғиси нархининг ошиши таҳлил қилинган 169 та мамлакат истеъмолчиларига қўшимча 468 миллиард долларга тушди. Бу ҳар бир аҳоли жон бошига ўртача 60 доллардан тўғри келади. Бу ҳақда Халқаро энергетика ва тоза ҳаво тадқиқотлари маркази (CREA) таҳлилларига таяниб, “Коммерсантъ” хабар берди.
Қайд этилишича, ёнилғи нархининг ошиши оқибатида энг катта қўшимча харажат АҚШ истеъмолчилари зиммасига тушган. Мамлакат 160 миллиард доллар ёки ҳар бир киши учун 471 доллар қўшимча маблағ сарфлаган.
Сўнгги йилларда электромобиллардан фойдаланишга фаол ўтган мамлакатлар эса нисбатан қулайроқ вазиятда қолган. Уларда инқироз туфайли юзага келган ортиқча харажатлар анча кам бўлган. Таҳлилчиларнинг билдиришича, ушбу ортиқча харажатлар сайёрадаги ҳар бир аҳоли жон бошига тахминан 60 доллардан тўғри келади.
Мутахассислар 169 та мамлакатдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин ва дизель нархларини можаро бошланишидан олдинги давр – жорий йилнинг январь-февраль ойлари ҳамда 1 мартдан 14 октябргача бўлган давр билан таққослаган.
CREA маълумотларига кўра, урушгача жаҳон нефть истеъмолининг бешдан бир қисмига тенг миқдордаги нефть ва нефть маҳсулотлари ташилган Ҳормуз бўғозида кемалар қатновининг бузилиши, шунингдек, Яқин Шарқдаги нефтни қайта ишлаш заводларига берилган зарбалар ёнилғи нархининг кескин ошишига олиб келган. Оқибатда дунё бўйича дизель ёнилғисининг ўртача нархи қарийб учдан бирга ошиб, бир литри 1,55 долларга етган. Бензин нархи эса 20 фоиздан кўпроққа кўтарилиб, бир литри 1,3 долларни ташкил этган.
Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ёнилғи нархининг ошиши сабабли энг катта қўшимча харажат АҚШ истеъмолчиларига тўғри келган. Мамлакат бўйича ортиқча харажатлар 160 миллиард долларни, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса 471 долларни ташкил этган.
Аҳоли жон бошига энг катта қўшимча харажатлар қайд этилган бешта мамлакат қаторига қуйидагилар киради:
- АҚШ – 471 доллар;
- Канада – 422 доллар;
- Австралия – 386 доллар;
- Янги Зеландия – 342 доллар;
- Бельгия – 330 доллар.
CREA экспертлари АҚШда кўрсаткичнинг юқорилиги нафақат мотор ёнилғиси нархининг бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ ошгани, балки ёнилғи истеъмоли ҳажмининг катталиги билан ҳам боғлиқлигини таъкидлаган. Бунда ички ёнув двигателли автомобиллардан кенг фойдаланиш ҳам муҳим омил ҳисобланади.
АҚШда электромобилларга ўтиш жараёни секин кечмоқда. 2026 йил январь – август ойларида янги автомобиллар савдосида электромобилларнинг улуши атиги 7,3 фоизни ташкил этган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич Хитойда 57 фоиз, Европа Иттифоқида эса 32 фоизга тенг бўлган.
АҚШда нефть қазиб олиш ҳажмининг рекорд даражада юқори бўлиши ҳам мамлакатни ёнилғи инқирозидан ҳимоя қила олмаган. Бунинг сабаби шундаки, Америка нефтни қайта ишлаш заводлари хомашёни жаҳон бозоридаги нархларда сотиб олади. Бу нархлар эса халқаро бозордаги котировкаларга боғлиқ.
Аввалги даврга нисбатан ёнилғи истеъмолини камайтирган мамлакатлар инқироз оқибатларини юмшатишга муваффақ бўлган. Таққослашда 2026 ва 2023 йиллардаги кўрсаткичлар ҳисобга олинган.
Масалан, ёнилғи истеъмолининг қисқариши Хитойга қарийб 10,8 миллиард доллар тежаш имконини берган. Бу мамлакатда нархлар ошиши туфайли юзага келган қўшимча харажатларнинг деярли бешдан бир қисмига тенг. Германия эса шу йўл билан 3,7 миллиард долларни тежаган.
Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, қўшимча харажатларни камайтириш бўйича энг катта натижага Дания эришган – ҳар бир киши учун 72,5 доллар. Финляндияда бу кўрсаткич 33,4 доллар, Австрияда 31,2 доллар, Норвегияда 30,8 доллар ва Францияда 27,9 долларни ташкил этган.
Бундай натижаларга эришишда электромобиллар улушининг юқорилиги ҳам муҳим роль ўйнаган. Масалан, 2026 йил январь – август ойларида Норвегияда янги автомобиллар савдосининг қарийб 98 фоизи, Финляндияда эса 49 фоизи тўлиқ электр энергиясида ҳаракатланувчи автомобилларга тўғри келган.
CREA мутахассисларининг изоҳлашича, электромобилларнинг оммалашувидан ташқари, юк ташишда темир йўл транспорти улушининг ошиши ҳамда қурилиш ва саноат тармоқларида юк ташишга бўлган талабнинг бироз пасайиши мотор ёнилғисига қарамликни камайтиришга ёрдам берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ҳормуз бўғозини АҚШ билан келишилган етти шарт бажарилмагунча очмаслигини маълум қилган эди.
Жасмина Муртазоева
Live
БарчасиҚирғизистон пойтахти кўчирилиши мумкин
19 Ноябрь