Нигердаги исёнчилар айрим давлатлар учун чегарасини очди
Олам
−
02 Август 2023
5365Жорий йилнинг июль ойи охирида Нигер Республикасида давлат тўнтариши уюштирган ҳарбийлар Жазоир, Буркина Фасо, Ливия, Мали ва Чад билан ҳаво ва қуруқлик чегаралари очилганини эълон қилди. Бу ҳақда AFP хабар берди.
Айтиш жоизки, 26 июль куни исёнчилар миллий телевидение орқали Муҳаммад Базум Нигер президентлигидан четлаштирилгани, республика чегаралари ёпилганлиги, комендантлик соати жорий этилгани, конституциянинг амал қилиши тўхтатилгани ва партияларнинг сиёсий фаолияти тақиқлангани ҳақида эълон қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, дастлаб Президент тарафда экани айтилган Нигер қуролли кучлари мамлакатда исён кўтарган президент гвардияси вакиллари билан учрашувидан сўнг Президент Муҳаммад Базумнинг ҳокимиятдан четлатилишига тўсқинлик қилмоқчи эмаслигини маълум қилганди. Орадан кўп ўтмай генерал Умар Чиани ўзини мамлакатнинг янги раҳбари – “Ватан мудофааси бўйича миллий кенгаш президенти” деб эълон қилди. Базумнинг ағдарилиши БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Африка Иттифоқи томонидан қораланди. Франция Ташқи ишлар вазири Кетрин Колонна Нигердаги давлат тўнтариши билан боғлиқ вазиятдан Россия ҳам, минтақа давлатлари ҳам ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкинлигини айтиб чиқди. Нигерда эса минглаб намойишчилар Франция элчихонасига ҳужум қилди. Бунга жавобан Франция Президенти Эммануэль Макрон Париж ўз фуқаролари ва хориждаги муассасаларга қарши ҳужумларга тоқат қилмаслигини айтиб, агар бундай ҳодисалар юзага келса, кескин жавоб беришга ваъда берди.
LiveБарчаси