Жазоир ярим асрдан ошиқ вақт ўтиб Нигерга ҳарбийларини юбормоқчи

World

−

image

Жазоир парламенти Нигерга ҳарбий хизматчилар юбориш тўғрисидаги қарорни маъқуллади. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Қайд этилишича, Жазоир 1973 йилда Араб-Исроил уруши вақтида Мисрни қўллаб-қувватлаш учун ҳарбийларини юборганидан бери илк бор хорижда қўшин жойлаштирмоқчи. Ҳозирча ҳарбийлар қачон ва Нигернинг қайси ҳудудига юборилиши, шунингдек, уларнинг сони ҳақида маълумот берилмаган.

Жазоир сенатори Белкасем Булгитининг айтишича, ҳарбийлар Нигердаги мамлакатнинг иқтисодий ва стратегик манфаатларини, хусусан, нефть инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун юборилади. Унинг таъкидлашича, бу миссия уруш олиб боришга эмас, балки иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Жазоирнинг давлатга қарашли Sonatrach энергетика компанияси Нигер орқали Нигериядан Жазоирга табиий газ етказиб беришни кўзда тутувчи Транс-Саҳро газ қувури лойиҳасида иштирок этмоқда. Газ қувури орқали Европа бозорларига газ экспорт қилиш режалаштирилган.

Нигер, Мали ва Буркина-Фасодан иборат ғарбий Саҳел минтақасида қуролли гуруҳлар, жумладан, “Ал-Қоида” ва “Ислом давлати” террорчилик ташкилотлари билан боғлиқ ҳужумлар ҳамда ҳукумат кучлари ўртасидаги тўқнашувлар хавфсизлик вазиятини мураккаблаштириб келмоқда.

Маълумотларга кўра, Жазоир ва Нигер ўртасидаги муносабатлар сўнгги вақтларда яхшилана бошлаган. Аввалроқ икки мамлакат ўртасида дипломатик келишмовчиликлар юзага келган, ўтган йил эса Саҳел давлатлари Жазоир билан боғлиқ можаро ортдан элчиларини чақириб олган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жазоир Бирлашган Араб Амирликлари билан дипломатик алоқаларни узгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends