Нетаньяху Ғазони фаластинликлардан тозаламасликка сўз берди – Блинкен

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху музокараларда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенни яҳудий давлати ҳукумати фаластинликларни Ғазо секторидан мажбуран чиқариб юбормаслигига ишонтирди. Бу ҳақда Америка дипломатияси раҳбари кеча, 9 январь куни Тель-Авивдаги матбуот анжуманида маълум қилди.

“Фаластинлик тинч аҳоли имкон бўлиши билан уйларига қайтишлари керак. Улар Ғазодан чиқиб кетишга мажбур қилинмаслиги лозим. Бош вазирга айтганимдек, Қўшма Штатлар фаластинликларни Ғазодан ташқарига жойлаштириш бўйича ҳар қандай таклифни сўзсиз рад этади”, дейди Блинкен.

Шунингдек, Блинкендан яҳудий давлатининг Фаластин солиқ даромадини ушлаб қолишига изоҳ бериши сўралган. У эса Исроил ҳукумати Фаластин бюджети учун мўлжалланган солиқ тушумларини ушлаб қолишни бас қилиши кераклигини айтган.

“Фаластин маъмуриятининг даромадига келсак, бу уларнинг пули. Улар ўз ҳақини мунтазам равишда олишлари керак”, деган Америка дипломатияси раҳбари.

Давлат котибининг сўзларига кўра, Фаластин ўзининг муҳим хизматларини, жумладан, Ғарбий Соҳилдаги муҳим ишларни бажарадиган ходимларига, хусусан, хавфсизлик кучларига ҳақ тўлаши керак. 

“Улар Ғарбий Соҳилда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлашга ҳаракат қилишда жуда муҳим роль ўйнайди, бу Исроилнинг манфаатларига жуда мос келади. Шунинг учун биз бу даромадлар уларга қайтарилиши ва Исроил учун муҳим бўлган нарсаларга ишлатилиши кераклигига ишонамиз”, деди Блинкен. 

Унинг сўзларига кўра, Ғазо секторини бошқариш ва можаро тугаганидан кейин анклавни тиклаш учун “одамларга пул тўлаш керак”.

Қайд этиш жоизки, Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос 2023 йил 15 декабрь куни Рамаллоҳда АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан билан учрашувда Исроил Фаластин бюджети ололмаётган солиқ тушумларини блокдан чиқариши кераклигини айтган. Аббос аниқ миқдорни очиқламаган. Фаластин расмийлари Исроилнинг бу масаладаги ёндашувини “қароқчилик ва Фаластин халқини жамоавий жазолаш” деб атаган.

Маълумот учун, Блинкен Ғазода уруш бошланганидан бери минтақага тўртинчи сафари давомида Туркия, Греция, Иордания, Қатар, БАА ва Саудия Арабистонида бўлганди. Бундан ташқари, Блинкен Ғарбий Соҳилга ҳам боришни режалаштирган. Унинг Яқин Шарққа сафари эса Мисрга ташриф билан якунланади.

Блинкен Исроилга сафари аввалида Ташқи ишлар вазири Исраэль Кац, Президент Ицхак Герцог ва Бош вазир Биньямин Нетаньяху билан гаплашди. Блинкен Исроил ТИВ раҳбари билан учрашувда Ғазодаги урушдан кейин яҳудий давлати Яқин Шарқ минтақаси мамлакатлари билан муносабатларини яхшилаши мумкинлигини айтди. Исроил Президенти эса Блинкенга Жанубий Африканинг Исроилни “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенция“ни бузганликда айблаб, Гаагадаги Халқаро Судга берган даъвосини ”даҳшатли ва кулгили” деб билишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг ўта ўнгчи Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ва Молия вазири Бецалель Смотрич “Ғазо аҳолисининг минтақадан ихтиёрий миграциясини қўллаб-қувватлашини” айтган эди. Икки вазирнинг бу каби баёнотлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Саудия Арабистони, БМТ ва Европа Иттифоқи каби дунёнинг кўплаб давлатларида норозилик уйғотди. Франция Президенти Эммануэль Макрон эса Исроилни “айниқса Ливанда” кескинлашувдан қочишга чақирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Фаластин Исроил Биньямин Нетаньяху Энтони Блинкен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг