Макрон Исроилни Ливанда кескинлашувдан қочишга чақирди
Олам
−
03 Январь
5353Франция Президенти Эммануэль Макрон Исроилни Байрутда ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раиси ўринбосари Солиҳ ал-Арурий ўлдирилиши ортидан “айниқса Ливанда” кескинлашувдан қочишга чақирди. Бу ҳақда Елисей саройи тарқатган баёнотда сўз борди.
Билдирилишича, Макрон ҳарбий Вазирлар Маҳкамаси аъзоси ва Исроил Мудофаа вазири Бени Ганц билан телефон орқали мулоқот қилган.
“Франция бу хабарларни минтақага бевосита ёки билвосита алоқадор барча субъектларга етказишда давом этади”, деган давлат раҳбари.
Шунингдек, Макрон тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ва Ғазо секторидаги фавқулодда гуманитар вазиятдан чуқур хавотирда эканини таъкидлаган ҳамда Исроилнинг тинч аҳолини ҳимоя қилиш мажбуриятларини эслатган.
Франция Президенти Фаластин анклавининг тинч аҳолисига барқарор гуманитар ёрдам оқимини таъминлаш зарурлигини айтиб, минтақавий ва халқаро ўйинчилар кўмагида барқарор ўт очишни тўхтатишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 2 январь куни кечаси ҲАМАСнинг Байрутдаги идорасига Исроилнинг ҳужуми оқибатида етти киши, жумладан ҳаракатнинг сиёсий бюроси раҳбари ўринбосари Солиҳ ал-Арурий ҳалок бўлганди. “Ҳизбуллоҳ” Байрутда содир этилган қотиллик жавобсиз қолмаслигини айтди ва Ливан билан чегарада Исроилнинг учта ҳарбий объектига зарба берди.
Ўтган йилнинг 27 декабрь куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан телефон орқали суҳбатлашганди. Ўшанда Макрон Франция яқин кунларда Фаластинга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш ниятида эканини айтганди.
LiveБарчаси