АҚШ Исроил вазирларини танқид қилди
Олам
−
03 Январь
8912Америка Қўшма Штатлари Исроил вазирларининг фаластинликларни Ғазодан ташқарига жойлаштириш ҳақидаги баёнотларини танқид қилди. Тегишли баёнот Давлат департаментининг расмий сайтида эълон қилинди.
Америка ташқи сиёсат департаменти Исроил Молия вазири Бецалель Смотрич ва Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг бундай риторикасини "ўткир ва масъулиятсиз" деб атади.
Вазирларнинг изоҳлари араб дунёсидаги кўпчиликнинг Исроил “фаластинликларни бўлажак давлат қурмоқчи бўлган ерлардан ҳайдаб, Фаластинни оммавий эгаллаб олишни” истаётгани ҳақидаги хавотирлари асослилигини билдиради.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги ўнг қанот коалициясининг юқори мартабали сиёсатчиларидан бири Бецалель Смотрич 31 декабрь куни Ғазодаги фаластинликларни қамал остидаги анклавни тарк этишга чақирди. Итамар Бен-Гвир ҳам Ғазодаги уруш "ғазоликларнинг миграциясини рағбатлантиришга эътибор қаратиш имконияти" эканини айтди.
“Бу риторика ғазаблантирувчи ва масъулиятсиздир. Исроил ҳукумати, жумладан, Бош вазир бизга бундай баёнотлар Исроил давлати сиёсатини акс эттирмаслигини бир неча бор ва изчиллик билан айтган”, дейилади Давлат департаменти баёнотида.
Департамент бундай баёнотлар зудлик билан тўхтатилиши кераклигини қўшимча қилган.
"Биз Ғазо Фаластин ери экани ва Фаластин ери бўлиб қолишини, шунингдек, ҲАМАС энди уни назорат қилмаслигини аниқ, изчил таъкидладик. Бу исроилликлар ва фаластинликлар, унинг атрофидаги минтақа ва дунё манфаатларига мос келувчи биз излаётган келажак”, дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида.
Вашингтоннинг танқидидан сўнг, Итамар Бен-Гвир Исроил АҚШ байроғидаги юлдуз эмаслигини айтди.
"Мен Америка Қўшма Штатларини чин дилдан қадрлайман, лекин ҳурмат билан биз Исроил давлати Америка байроғидаги бошқа юлдуз эмасмиз", деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги аккаунтида.
Гвирнинг эслатишича, Вашингтон Исроилнинг "энг яхши дўсти", аммо мамлакат бундан ҳам яхшироғини истайди.
Қайд этиш жоизки, Смотричнинг ўта ўнгчи "Диний сионизм" партияси исроиллик кўчманчилар жамоаси томонидан қўллаб-қувватланган ва Нетаньяхуга бир йил аввал олтинчи марта Бош вазир бўлиши учун зарур бўлган кўпчилик овозини қўлга киритишига ёрдам берган. Бен-Гвирнинг декабрь ойида эълон қилган қасос олиш ҳақидаги баёноти эса АҚШ Президенти Жо Байденни ҳам ғазаблантирган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь