НАТО Украинани аъзо қилиш бўйича Россия билан маслаҳатлашиб ўтирмайди 

Олам

image

НАТО Украинанинг альянсга кириши масаласида Россия билан музокара олиб бориш ниятида эмас. Бу ҳақда бугун, 12 июль куни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ташкилот саммитининг якуний матбуот анжуманида айтиб ўтди.

"Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича музокаралар Украина уларга тайёр бўлгандагина бўлиб ўтади: Украинасиз Украина ҳақида ҳеч нарса гаплашилмайди. Биз Украинага қанча кўп ҳарбий ёрдам берсак, улар шунчалик кўп ҳудудни озод қила олади ва музокараларда шунчалик кучли бўлади. Шунинг учун биз ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этамиз ва иттифоқчиларнинг узоқ масофали ракеталар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқа қуроллар билан таъминлаш ҳақидаги эълонларини олқишлаймиз. Биз музокаралар столида Украина кучлироқ бўлишини истаймиз”, деган Столтенберг журналистларнинг НАТО давлатлари Украинанинг аъзолиги масаласида Москва билан музокаралар олиб бориш нияти бор-йўқлиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Вильнюсдаги НАТО саммитида Германия канцлери Олаф Шольц G7 давлатларининг уруш тугагандан кейин Украинага хавфсизлик кафолатларини бериш масаласи бўйича қўшма декларациясини эълон қилганди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков G7 давлатларининг Украинага хавфсизлик кафолатларини бериш нияти нотўғри ва хавфлилиги, бу йўл билан G7 мамлакатлари Россия хавфсизлигига тажовуз қилаётганини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг