НАТО Туркиянинг ЕИга интилишини қўллаб-қувватлайди
Олам
−
10 Июль 2023
3429Шимолий Атлантика альянси Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилишини қўллаб-қувватлайди, аммо бу Швециянинг бу борадаги барча мажбуриятларини бажарган НАТОга қўшилишига тўсқинлик қилмаслиги керак. Бу ҳақда бугун, 10 июль куни альянс Бош котиби Йенс Столтенберг НАТОнинг Вильнюсдаги саммити олдидан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Столтенберг Вильнюсга учишидан олдин Швециянинг НАТОга аъзолик аризасини маъқуллаш истиқболини Туркиянинг Европа Иттифоқига йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш билан боғлаган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг баёнотига изоҳ берган.
“Мен Туркиянинг ЕИга аъзо бўлишга интилишини қўллаб-қувватлайман, бироқ биз Мадридда (ўтган йилнинг июнь ойида НАТО саммити олдидан) Швеция бажариши керак бўлган шартларнинг аниқ рўйхати ҳақида келишиб олганимизни эслаб қолишингиз керак. Швеция эса бу шартларни бажарди. Биз Швецияни имкон қадар тезроқ НАТОга аъзо бўлиш учун жадал ишлаймиз, бу Болтиқбўйи давлатларининг хавфсизлигини таъминлаш учун жуда муҳим”, деган Столтенберг.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Европа Иттифоқи Туркияни ЕИга тўлақонли аъзо қилиш учун ҳаракат қилса, Анқара Швециянинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлашини айтганди.
LiveБарчаси