Эрдўған Швециянинг НАТОга кириши учун янги шартни айтди
Олам
−
10 Июль 2023
10502Европа Иттифоқи Туркияни ЕИга тўлақонли аъзо қилиш учун ҳаракат қилса, Анқара Швециянинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлайди. Швециянинг Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш ҳақидаги аризасини ратификация қилишнинг шундай янги шартини Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған илгари сурди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Вильнюсдаги НАТО саммитига жўнаб кетишидан олдин гапирган Эрдўған, Швециянинг аъзо бўлиши ўтган ёзда Мадридда ўтган альянс саммитида эришилган келишувнинг амалга оширилишига боғлиқлигини айтиб, Анқарадан ҳеч қандай муроса кутмасликни таъкидлаган.
Шунингдек, у 11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида Анқаранинг янги ҳолати ҳақида гаплашишини қўшимча қилган. Шу билан бирга, у Швециянинг аъзо бўлиши бўйича якуний қарор Туркия парламентидаги овозга боғлиқлигини қўшимча қилган.
Бундан ташқари, Эрдўған Украина ва Россия ўртасидаги урушнинг тугатилиши Киевнинг НАТОга аъзолик жараёнини осонлаштиришини ҳам айтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Вильнюсдаги саммитда Швеция альянсга аъзо бўлмаслигини маълум қилганди. Унинг аниқлик киритишича, Анқара уни маъқуллашга рози бўлса ҳам, Туркия аризани ратификация қилишга улгурмайди.