Нашид учун қамалган Улуғмуродов суди яна қолдирилди
Жамият
−
07 Июль 2023
5746Telegram'даги 10 кишилик гуруҳга тақиқланган нашид юборгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган Жаҳонгир Улуғмуродовнинг суди қолдирилди. Бу ҳақда адвокат Абдумалик Абдуллаев маълум қилди.
Қайд этилишича, Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан очилган жиноят иши Тошкент вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида апелляция тартибида кўриб чиқилмоқда.
Кеча, 6 июль куни Улуғмуродовга очилган жиноят иши бўйича суд бўлиши керак эди. Аммо суд қолдирилиб, навбатдаги суд мажлиси жорий йилнинг 14 июль куни соат 15:00 га белгиланди.
Маълум қилинишича, ҳимоя томон кучли асослар билан оқлов позициясини эгаллаб, суддан ҳукмни бекор қилиб, Улуғмуродовни бевосита суд мажлиси залининг ўзида дарҳол озод қилинишини сўрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Улуғмуродовга Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг 2023 йил 8 майдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.