Нашид учун қамалган Жаҳонгир Улуғмуродовнинг апелляция суди қолдирилди

Жамият

image

Telegram’даги 10 кишилик гуруҳга тақиқланган нашид юборгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган Жаҳонгир Улуғмуродовнинг апелляция суди бугун, 14 июнь куни Тошкент вилоят судлари биносида бўлиб ўтди.

Бир ярим соатга яқин давом этган суд мажлисидан сўнг суд раиси ва аъзолари танаффус эълон қилиб, навбатдаги мажлис 2023 йил 21 июнь куни соат 15:00 га қолдирилди. Бунга сабаб сифатида эса суд жараёнига қўшимча экспертлар ҳамда гувоҳларни жалб этиш керак экани кўрсатилди.

Аммо очиқ экани айтилган Улуғмуродовга оид апелляция судини тасвирга олиш, суд мажлисини оммавий ахборот воситалари орқали ёритишга рухсат берилмади. Мажлис аввалида айбланувчининг адвокатлари мажлисга журналистлар киритилиши ва уларнинг аудио ва видео ёзиб олишига рухсат берилишини сўраб, судьяга илтимоснома киритди. Журналистларнинг техник имкониятлари чекланишига Тошкент вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи, прокурор Ғайрат Туляковнинг қаршилик кўрсатиши сабаб бўлди. Илтимоснома қаноатлантирилмади. 

“Нашида тарқатганликда айблов илгари сурилаётган Жаҳонгир Улуғмуродовга оид жиноят иши очиқ, лекин... Суд мажлисининг тайёрлов қисми ўта қизғин ва тортишувчанлик муҳитида ўтди. Ҳимоя томоннинг кетма-кет берган илтимосномаларига ишда иштирок этаётган прокурор томонидан ўз навбатида ўзига хос эътирозлар билдирилди. Гарчи эътирозлари заиф асослантирилган бўлса-да, лекин тортишувчанлик принципи амалда акс эта олгани учун ҳам хурсандмиз. 

Айни пайтда суд ошкоралик принципини амалда ижросини таъминлаб бера олмади, назаримизда. Яъни суд жараёнини видео ва фото тасвирларга олинишига рухсат бермади. Қизиқ жиҳати шундаки, суд буни ишда қатнашаётган прокурор розилик бермагани билан боғлади”, деди Улуғмуродовнинг адвокати Абдумалик Абдуллаев.

Прокурор Ғайрат Туляков суд мажлисининг ОАВда эълон қилинмаслигининг сабаби сифатида эса ўзининг юзи оммага кўринишини хоҳламаслиги ва ОАВнинг, хусусан, QALAMPIR.UZ’нинг мавзуни ёритишда шу пайтга қадар нохолис ёндашиб келгани, ўз видеоматериалларида ўзбек тилида бўлган нашидни араб тилида бўлган, деб айтганини кўрсатди. 

Хўш, бу ҳолат барча оммавий ахборот воситаларининг очиқ суд мажлисини ёритишига рухсат бермасликка асос бўла оладими?

Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси бўлган Жаҳонгир Улуғмуродовни химоя қилиш учун келган 4 нафар адвокат бу сабаблар суд мажлисининг ОАВда эълон қилинмаслигига асос бўла олмаслиги, мавзунинг нотўғри талқин этилмаслиги учун ҳам суд мажлиси бошланганидан охиригача ОАВда ёритилиши кераклигини айтса ҳам судья бу фикрларни инобатга олмади.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Улуғмуродовга Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг 2023 йил 8 майдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

апелляция суди Жаҳонгир Улуғмуродов Нашид

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made