Наманганда аёл ўзига ўт қўйган вақтда Норбоева БМТда ўзбек аёллари ҳуқуқи масаласида нутқ сўзлади

Жамият

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Танзила Норбоева кеча, 1 октябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида ўтказилган Хотин-қизлар ҳолати бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясининг 25 йиллигига бағишланган (Пекин + 25) глобал саммитда нутқ сўзлади.

Ўзбекистон Республикаси делегацияси номидан иштирок этган Норбоеванинг нутқи ўзбек тилида бўлди ва БМТнинг барча расмий тилларига таржима қилинди.

Юқори даражадаги видеоконференцияда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Бош ассамблеянинг 75-сессияси раиси Фолкан Бозкир, “БМТ-Хотин-қизлар” тузилмаси раҳбари Фумзиле Мламбо-Нгcука, жаҳоннинг 173 дан ортиқ мамлакати раҳбарлари ва вакиллари, Ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари, жамғармалари ва дастурлари экспертлари, шунингдек, нодавлат хотин-қизлар ташкилотлари ва фуқаролик жамияти етакчилари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева мажлисда сўзга чиқди. У иштирокчиларни хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва уларнинг давлат сиёсатининг устувор йўналишларида белгиланган ҳуқуқ ва имкониятларини, айниқса пандемия даврида кенгайтириш бўйича мамлакатда сўнгги йилларда қабул қилинган амалий чора-тадбирлар ва ислоҳотлар билан таништирди.

Қайд этилишича, Танзила Норбоеванинг нутқи тадбир иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Улар республикада хотин-қизлар мақомини ошириш, уларнинг давлат сиёсатини амалга оширишдаги, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги иштирокини кучайтириш, шунингдек, қарорлар қабул қилиш жараёнига уларни жалб этиш бўйича республикада кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаб, уларга юқори баҳо берган.

Форумнинг асосий мақсади мамлакатлар томонидан Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси (1995 йил) қоидаларининг бажарилишини, гендер тенглик, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасида хотин-қизлар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш соҳасида эришилган ютуқларни кўриб чиқишдан иборат бўлди.

Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси 1995 йил 4-15 сентябрь кунлари Пекин шаҳрида (ХХР) бўлиб ўтган Хотин-қизлар ҳолати бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган эди. Таъкидланганидек, Пекин Ҳаракатлар платформаси халқаро ҳужжат бўлиб, унда давлатлар томонидан хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилиш бўйича мажбуриятлар шакллантирилган. Бугун Пекин Ҳаракатлар платформаси гендер тенгликка эришишга ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтиришга қаратилган сиёсатнинг олтин стандарти ҳисобланади. Унда қатъий чоралар кўриш зарур бўлган 12 та муҳим йўналиш белгиланган.

Ҳужжатдаги стратегик мақсадлар муҳим муаммоли соҳалар асосида қўйилган бўлиб, уларга эришиш учун кўрилиши лозим бўлган аниқ чора-тадбирлар эса тенглик, ривожланиш ва тинчлик масалаларига тааллуқли. Ҳаракатлар платформаси барча хотин-қизларнинг аҳволини яхшилашга қаратилган. Мазкур ҳужжат жаҳон аҳлининг эътиборини эркаклар ва хотин-қизлар ўртасида тенгликни таъминлаш зарур бўлган кўплаб соҳаларга қаратди.

Шу нуқтаи назардан, глобал саммит бутун дунё ҳамжамиятининг ҳаётида ёрқин ва муҳим воқеа бўлди. Унда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишларнинг барча ижобий томонлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар сўнгги чорак асрда дунё бўйлаб хотин-қизлар аҳволини яхшилаш борасида эришилган ютуқларни батафсил кўриб чиқдилар. Хусусан, қизларнинг таълим олишини таъминлаш, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва сиёсий фаоллигини, шунингдек камситадиган қонунларни бекор қилишга қаратилган ислоҳотлар олиб боришдаги фаоллигини кучайтириш соҳасидаги ютуқлар кўриб чиқилди.

Форумнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, декларация қабул қилинганидан кейин ўтган 25 йил давомида давлатлар томонидан жуда катта ишлар амалга оширилди, бунинг натижасида бутун дунёда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи сезиларли даражада юксалди.

Кенг миқёсли форум давомида мамлакатлар делегациялари раҳбарлари Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қоидаларини амалга ошириш, хотин-қизларни рағбатлантириш ва ҳуқуқ ҳамда ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ўз ҳукуматлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.

Аввалроқ, Наманганда 35 ёшли аёл мажбурий ижро бюроси ходимлари уни уйидан чиқаришга уринганида ўзини ёқиб юборгани ва ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур ҳолат бўйича мамлакатда инсон ҳуқуқларига жавобгар кўплаб масъуллар каби Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева ҳам ҳозирча муносабат билдирганича йўқ. Шуниси маълумки, иложсизликдан ўз жонига қасд қилган аёлнинг икки боласи етим қолди. Уларнинг тақдири нима бўлиши ҳам мавҳумлигича қоляпти. 


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева БМТ

Баҳолаганлар

346

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг