Мустақил Ўзбекистоннинг мавжудлигини қабул қилиб бўлмайди – Александр Дугин (видео)

Олам

image

Собиқ СССР таркибида бўлган мамлакатлар, жумладан Ўзбекистоннинг ҳам мустақиллигини қабул қилиб бўлмайди. Бундай фикрларни “Рус дунёси” мафкурасининг асосчиларидан бири ҳамда Кремлпараст пропагандист Александр Дугин айтиб, Марказий Осиё давлатлари суверенитетини инкор қилди. 

Унинг фикрича, бу республикаларни Россия назоратга олиши керак.

“Суверен Арманистон, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон, суверен Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг мавжудлигини қабул қилиб бўлмайди. Янги воқеликда ҳеч қандай суверенитетга ўрин йўқ. Улар ёки биз томонимизда, ягона иттифоқимиз таркибида бўлади ёки Ғарб, Европа Иттифоқи, Америка учун, айрим ҳолатларда эса Хитой учун таянч майдонга айланади”, деган у.

Шунингдек, Дугин “уч қутбли дунё” шаклланаётгани ва бу тизимда Россия “куч маркази”га айланиб, атрофидаги ҳудудлар устидан назоратни кучайтириши кераклигини ҳам алоҳида урғулаган.

“Бизнинг мақсадимиз уч қутбли дунёда энг муҳим куч марказларидан бирига айланиш: суверен, эркин, мустақил ва улкан давлат бўлиш. Биз назоратга олмаган барча ҳудудлар нейтрал бўлиб қолмайди. Яъни тинч ва осойишта “Швейцария”га айланмайди. Аксинча, улар бошқа қутбларнинг, энг аввало АҚШ бошчилигидаги янада можароли қутбнинг таянч нуқтасига айланади”, дея қўшимча қилган у. 

Маълумот учун, Дугин кўпинча неоевросиёчилик ғоялари билан боғланади ва Ғарбга қарши, антилиберал позициялари билан танилган шахс сифатида турли манбаларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келади. Дугин расмий давлат лавозимида ишламаса-да, кўплаб таҳлилчилар унинг фикрлари Кремлнинг қарорларида акс этишини таъкидлаб келади.

Қайд этиш жоиз, сўнгги пайтларда Россия томонидан Марказий Осиё давлатларининг мустақиллигига нисбатан совуқ фикрлар ижтимоий тармоқларда урчиб кетди. 10 январь куни россиялик телебошловчи, Кремлга яқин яна бир пропагандист Владимир Соловьёв ўзининг жонли эфирида Украина ҳудудига уюштирилган “махсус ҳарбий амалиёт”ни “Россия таъсир доирасидаги бошқа ҳудудларда” ҳам, жумладан Марказий Осиё давлатлари ва Арманистонда ўтказиш зарурлигини айтганди.

Соловьёвнинг фикрича, Россия ҳозир қайси ҳудудлар унга тегишли эканини аниқ ва қатъий айтиши лозим. Шунингдек, журналист бу ҳаракатлар йўлида худди Украинага қилинган юриш каби “махсус ҳарбий амалиёт” бошлаш зарурати борлигини айтган.

Орадан бироз вақт ўтиб, Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Соловьёвнинг Россия Марказий Осиё ва Арманистонга “махсус ҳарбий операция” бошлаши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.

Захарованинг қайд этишича, россиялик журналистнинг фикрлари расмий Москванинг позициясини кўрсатмайди ва журналист бу гапларни ўзининг каналида айтган, холос. Захарова расмий баёнотни ваколатли шахслар бериши бу диванда ётиб олиб гапирадиган таҳлилчиларнинг иши эмаслигини қўшимча қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Александр Дугин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг