Мурдаси чамадондан чиққан эркак нега ўлдирилгани маълум бўлди. Айбланувчи шифокор бўлган
Жамият
−
14 Август 2020
69019Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида сайёҳлик чамадонидан муқаддам Олий судда ишлаган эркакнинг жасади топилгани ҳақида хабар берган эдик.
Тергов давомида ушбу жиноятни Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро содир этгани аниқланган ва ишга айбланувчи сифатида жалб қилинган. Гумонланувчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг травматология бўлим бошлиғи Ғ.К. эди. Бу ҳақда MY5 телеканали эфирида маълумот берилди.
Қотиллик 7 август куни эрталаб содир бўлган. Жабрланувчи Ш.А. айбланувчининг иш жойига борган. Шифокор қабулига Ш.А. келганидан фойдаланиб, уни бўш хонага олиб кирган. Орада шахсий адоват сабаб икки эркак келишолмай қолган. Сўнг айбланувчи жабрланувчининг бошига қаттиқ жисм билан урган ва жони узилгунча бўғган.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, шифокор қабулига келган эркакнинг соғлиғига зид дорилар билан ёрдам кўрсатган.
Мурдани йўқотиш учун таниши А.га қўнғироқ қилиб, уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига чақирган. У билан мурдани Gentra русумли автомобиль юкхонасига жойлаб, Қибрай туманидан оқиб ўтувчи “Бўзсув” каналига ташлаб юборган.
Қотиликкача етиб келган адоватнинг асосий сабаби травматолог жабрланувчи Ш.А.нинг шаърий никоҳида бўлган иккинчи хотинини яхши кўрган. Эркаклар ўртасидаги адоватга рашк сабаб бўлгани тахмин қилиняпти. Марҳумнинг хотини ҳам Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ишлаган.
Айбланувчи марҳумнинг паспортини ёқиб, автомобилнинг тегишли ҳужжатлари ва ҳайдовчилик гувоҳномасини қайчи ёрдамида кесиб, сувга оқизиб юборган. Айбланувчи 660 минг сўм ва 230 АҚШ долларини олиб воқеа жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб тергов давомида шифокор ва унинг шеригига нисбатан Жиноят кодексининг 97, 169, 227 ва 241-моддалари билан айб эълон қилинган.
Уларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.