Мирзиёевнинг Озарбайжонга бориши кутиляпти
Олам
−
04 Июль
5144Президент Шавкат Мирзиёев Туркий Давлатлар Ташкилотининг Шуша саммити доирасида жорий йилнинг 5-6 июль кунлари Озарбайжонга бориши кутилмоқда. Бу ҳақда “CBC” телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, саммит ўтказиладиган сана ва дастур оммага эълон қилинган. Таъкидланишича, йиғилишда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Президентлари, ташкилотга аъзо давлатлардан кузатувчилар, шунингдек, Туркий Давлатлар Ташкилотининг Бош котиби иштирок этиши кутилмоқда. Саммит мавзуси “Транспорт алоқаси ва иқлим бўйича ҳаракатлар орқали барқарор келажакни қуриш” деб номланган.
Манбанинг ёзишича, ушбу саммит ташкилотнинг асосий масалалари ва кун тартиби бўйича юқори даражадаги муҳокамалар учун платформа бўлиб хизмат қилади. Саммит якунлангач, кун тартибига асосан Қорабоғ декларацияси ҳамда бошқа бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланади. Саммит олдидан Туркий Давлатлар Ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади. Унда норасмий саммит кун тартибидаги масалалар ва раҳбарлар томонидан имзоланадиган ҳужжатлар бўйича якуний келишувга эришилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этгани ҳақида хабар берилганди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса ТДТ саммитида иштирок этмасдан, Евро-2024ʼни кўриш учун Германияга боради.