Мирзиёев ШҲТ саммитида иштирок этди
Олам
−
04 Июль
4146Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 4 июль куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Беларус фуқароси Александр Лукашенко, Эрон Ислом Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Муҳаммад Мухбир, Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия Президенти Владимир Путин, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар, шунингдек, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев қатнашди.
Мажлисда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган. ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.
“Бундай мураккаб вазиятда ШҲТнинг асоси бўлган тамойилларга содиқлигимизни сақлаш ва янада мустаҳкамлаш фавқулодда муҳимдир. Ана шу тамойиллар туфайли Ташкилот бугунги ютуқларга эришди, халқаро масалаларда юксак нуфуз ва барқарорлаштирувчи ўринга эга бўлди. Биз “ШҲТ оиласи” жипслигини кучайтиришимиз, биргаликда ривожланиш тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиб, очилаётган янги имкониятлардан максимал даражада фойдаланишимиз зарур”, деган Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари, шунингдек, ШҲТ мамлакатларининг иқтисодий салоҳиятини самарали ривожлантиришга хизмат қиладиган “Шарқ-Ғарб” ва “Шимол-Жануб” йўналишларида инклюзив транспорт тизимини шакллантириш зарурлигига эътибор қаратди.
“Транспорт йўлаклари кўп вариантли бўлиши – бу бутун минтақамиз барқарор ривожланишининг энг муҳим шартидир”, деди Президент.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев минтақавий барқарорликка бевосита таъсир кўрсатадиган қўшни Афғонистондаги вазиятга алоҳида тўхталди.
Сўзининг якунида Мирзиёев ХХР Раиси Си Цзиньпинни Хитой Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик миссиясини қабул қилгани билан табриклади. Йиғилиш якунида Остона декларацияси ва ҳамкорликнинг турли соҳаларида шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим кўп томонлама ҳужжатлар қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мирзиёев ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда иштирок этиш учун Остонага етиб борганди.