Мирзиёев ва Тўқаев сунъий интеллект кўргазмасига борди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 29 март куни биргаликда "AlmatyFair.ai" рақамли технологиялар ва сунъий интеллект кўргазмасига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбарларига мазкур соҳалардаги илғор ечимлар ва инновацион ишланмалар ҳақида ахборот берилди. Қозоғистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилаётган "Alem.ai" сунъий интеллект марказининг тақдимоти бўлиб ўтди.

“Alem.ai – сунъий интеллект соҳасида мутахассисларни ўқитиш, стартапларни ишга тушириш ва илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун платформа”, дейилади хабарда.

Шунингдек, етакчилар Марказий Осиёдаги энг йирик технопарклар бирлашмаси - "Central Asian Innovation Hubs" ("Astana Hub" ва "IT Park Uzbekistan") фаолияти билан ҳам танишди. Ўтган йили Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг йирик технопарклари лигаси стартап экотизимини ривожлантириш ва жаҳон бозорида инновацияларни илгари суриш мақсадида ушбу бренд остида бирлашган эди.

Президентлар рақамлаштириш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма IT маҳсулотларини яратиш, сунъий интеллект ва илғор ахборот технологиялари соҳасидаги миллий стратегияларни ўзаро боғлаш муҳимлигини таъкидлади.

Давлат раҳбарларига давлат органлари фаолиятини оптималлаштиришга кўмаклашишга мўлжалланган Миллий сунъий интеллект платформаси, шунингдек, миллий иқтисодиётда AI салоҳиятини очиш ва технологик тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган AI-SANA таълим дастури ҳам намойиш этилди.

Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев бугун, 29 март куни Қозоғистонга амалий ташриф билан етиб борганди. Олий мартабали меҳмонни Олмаота аэропортида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кутиб олди. Президентлар биргаликда "Медеу" тоғ-чанғи кластерига борди. Шавкат Мирзиёевга сел-сув тошқинларидан ҳимоя қилиш мақсадида денгиз сатҳидан 1750 метр баландликда барпо этилган "Медеу" тўғонининг яратилиш тарихи ва архитектуравий хусусиятлари ҳақида сўзлаб берилди. 

Президентлар кейинроқ Олмаота шаҳрида норасмий учрашув ўтказди. Икки мамлакат делегациялари иштирокида Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини изчил мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг