“Биз иттифоқчилармиз”. Мирзиёев ва Тўқаев норасмий учрашди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 29 март куни Олмаота шаҳрида норасмий учрашув ўтказди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.

Билдирилишича, икки мамлакат делегациялари иштирокида Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини изчил мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилган. Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари бир-бирини ҳамда қардош халқларни баҳор айёми Наврўз ва яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити билан самимий қутлаган.

Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистон Президентига ташрифи учун миннатдорлик билдириб, бундай норасмий учрашувлар аллақачон яхши анъанага айланганини таъкидлади.

“Бу ишбилармонлик муҳитида қандай қилиб катта иш олиб боришимиз – қардош, дўст давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришимиз ҳақида фикр алмашиш учун жуда яхши имкониятдир. Биз иттифоқчилармиз ва бутун Марказий Осиё минтақасидаги вазият кўп жиҳатдан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар қандай ривож топишига боғлиқ”, деди Қозоғистон Президенти. 

Қосим-Жомарт Тўқаев Шавкат Мирзиёевнинг қардошлик ва дўстлик халқларини яқинлаштириш ва минтақани барқарор ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини юқори баҳолаган. 

Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти ҳам бугунги учрашув икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади: 

“Сиз кичик ватанингизда, хусусан, Олмаотада мени дўстона кутиб олаётганингиздан жуда миннатдорман. Бунинг учун сиздан ўз номимдан ва халқим номидан жуда миннатдорман. Дарҳақиқат, кейинги йилларда муносабатларимиз бутунлай бошқача тус олди. Биз иттифоқчилармиз. Шахсий муносабатларимиз туфайли кўп муаммолар ҳал қилинади ва биз келишиб олган ҳамма нарса амалга ошади. Ҳақиқий натижалар бор. Сизни Қозоғистоннинг муваффақиятлари билан чин қалбимдан табриклайман. Иқтисодиёт ривожланмоқда, тараққиёт яхши. Биринчи чорак 5,4% ўсиш билан якунланди. Мен катта жамоа билан келдим. Гарчи бизда норасмий учрашув бўлса-да, ҳар бир бундай норасмий учрашув муносабатларимизга, барча келишувларимизга катта суръат бағишлайди”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик юксак даражага кўтарилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Барча даражаларда фаол мулоқотлар олиб борилаётгани, товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 14 фоизга ошгани, умумий қиймати 4 миллиард доллардан зиёд инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилгани, яқин ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинув ривожланаётгани таъкидланган.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон Бош вазирлари ўринбосарларининг ўзаро савдони кўпайтириш, машинасозлик, электротехника, нефть-газ, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор тармоқларда етакчи корхоналарнинг кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаган.

Президентлар саноат кооперацияси бўйича узоқ муддатли дастурни шакллантириш, минтақавий аҳамиятга эга инфратузилмавий лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берган.

Жорий йилда Халқаро саноат кооперацияси марказини ишга тушириш бўйича амалий ишларни бошлаш, қўшма ташқи савдо компанияси фаолиятини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган.

Минтақавий кун тартиби, шу жумладан яқин ойларда Ўзбекистонда ўтказиладиган Марказий Осиё саммитларига тайёргарлик юзасидан ҳам фикр алмашилган. Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев бугун, 29 март куни Қозоғистонга амалий ташриф билан етиб борганди. Олий мартабали меҳмонни Олмаота аэропортида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кутиб олди. Президентлар биргаликда "Медеу" тоғ-чанғи кластерига борди. Шавкат Мирзиёевга сел-сув тошқинларидан ҳимоя қилиш мақсадида денгиз сатҳидан 1750 метр баландликда барпо этилган "Медеу" тўғонининг яратилиш тарихи ва архитектуравий хусусиятлари ҳақида сўзлаб берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг