Мирзиёев Раҳмон билан тожик-қирғиз чегарасидаги вазиятни муҳокама қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 30 апрель куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, давлат раҳбарлари Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилган.

Ўзбекистон Президенти юзага келган вазиятни тез фурсатда ҳал қилиш ва унинг кескинлашувига йўл қўймаслик бўйича Тожикистон ва Қирғизистон томонлари эришган келишувларни қўллаб-қувватлаган.

“Мавжуд барча масалалар дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатлари руҳида, фақат музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилиниш муҳим экани таъкидланди.

Тожикистонга бўлажак олий даражадаги ташрифга тайёргарликнинг бориши ҳам кўриб чиқилди. Мамлакатларимиз бош вазирлари ўтган ҳафта Хўжанд шаҳрида ўтказган амалий учрашувнинг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган кенг кўламли ҳамкорликнинг янги “ўсиш нуқталари”ни биргаликда аниқлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланган.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро

Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти олдида кўприк қуриш ҳаркатини бошлагани сабаб бўлди.

Жорий йилнинг 28 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Тожикистон билан чегара ҳудудида қирғиз ва тожик фуқаролари ўртасида яна зиддият келиб чиқди.

Маълум қилинишича, можаро тожик томонининг Оқсой овули Кўк-Тош қишлоғидаги устунларга видеокузатув камераларини ўрнатишга қарор қилганидан кейин бошланган. 

Кейинчалик, Қирғизистон Тожикистонни чегарадаги вазиятни кескинлаштираётганликда айблади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Музаффар Ҳусайнзода қирғизистонлик дипломатга Қирғизистон Чегара хизмати вакилларининг мамлакатнинг вояга этмаган икки фуқаросига нисбатан қўллаган ноқонуний хатти-ҳаракатлари муносабати билан нота топширди.

29 апрель куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида, Боткен вилояти Кўк-тош қишлоғидаги “Головной” сув тақсимлаш пункти атрофида маҳаллий вақт билан тахминан соат 14:00 да отишма бошланди.

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди.

Ўзбекистон чегарадаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

Қирғизистон эса Тожикистон билан қуролли тўқнашувлар бошланган чегара ҳудудига қўшимча ҳарбий бўлинмаларни юборишни бошлади.

Рўй берган ҳодисалар муносабати билан Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Қозоқбоев ва Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ҳамда бошқа вакиллар иштирокида музокара ўтказилди. Унда томонлар маҳаллий вақт билан соат 20:00дан (Тошкент вақти билан соат 21:00) ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий кучларни аввалги жойларига қайтариш бўйича келишувга эришди.

Кейинчалик, томонлар шошилинч чоралар кўриш учун ишчи гуруҳ тузиши ҳақида хабар берилди.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

121

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг