Мирзиёев Нью-Йоркда Абдулла II билан учрашди

Жамият

image

Кеча, 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикасига амалга оширган олий даражадаги ташрифи давомида эришилган келишувлар ижроси муҳокама қилинган.

Ўзбекистон ва Иорданиянинг етакчи компаниялари иштирокидаги устувор инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича ўзаро мувофиқлашган чора-тадбирлар кўришга алоҳида эътибор қаратилган.

Қайд этиш жоиз, Иордания Подшоҳи август ойида Ўзбекистонга келган эди. Ташриф якунида Шавкат Мирзиёев ва Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди. Шунингдек, ташриф доирасида 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Иордания подшоҳининг давлат ташрифи доирасида у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Иорданиянинг “Ан-Наҳда” (“Ренессанс”) ордени билан тақдирлади.  Ўзбекистон-Иордания саммити якунида биргаликда дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев АҚШ раҳбари Дональд Трамп, Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мён, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳамда Албания Президенти Байрам Бегай билан музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси Абдулла II ибн ал-Ҳусайн

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг