Мирзиёев Гутерриш билан долзарб муаммоларни муҳокама қилди

Олам

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашув давомида барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича миллий вазифаларни амалга ошириш доирасида БМТ билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Антониу Гутерришни БМТнинг юбилей сессияси билан самимий табриклаб, унинг ташкилот тизимини замонавий воқеликка мос равишда ислоҳ қилиш борасидаги ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлаган.

Ўзбекистон ва БМТ шериклигида мисли кўрилмаган юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилган.

Қайд этиш жоиз, ташкилот билан 160 дан ортиқ дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Октябрь ойида беш йилга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури имзоланиши кутилмоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинган. Ўзбекистон ЭКОСОС, Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита, статистика комиссияси каби нуфузли тузилмаларга аъзо этиб сайланган.

Ўзбекистон ташаббуси билан бугун, 24 сентябрь куни БМТ бош қароргоҳида болалар саратони ва бошқа оғир касалликларга қарши курашиш бўйича юқори даражадаги форум бўлиб ўтади. Самарқанд шаҳрида UNESCO’нинг 43-Бош конференциясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Антониу Гутерриш Ўзбекистон Президентининг Бош Ассамблеянинг юбилей сессиясидаги нутқига юксак баҳо бериб, унинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Янги Марказий Осиёни шакллантириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, ёшлар, маърифатпарвар ислом дини ва бошқа соҳаларда глобал ҳамкорликни илгари суриш борасидаги ташаббуслари муҳимлигини алоҳида таъкидлаган.

Суҳбат чоғида долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Учрашув якунида устувор йўналишларда кенг кўламли шерикликни ривожлантириш, ҳамкорликнинг янги дастур ва лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев АҚШ раҳбари Дональд Трамп ҳамда Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мён билан музокаралар ўтказганди.

 

 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк Антониу Гутерриш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг