Мирзиёев муқаддас зиёратгоҳларда нимани сўраб дуо қилди? (видео)

Жамият

image

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига сафарини Мадинаи Мунавварадан бошлади. Давлат раҳбари Масжидун Набавийда намоз ўқиб, пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг равза ва ҳужраларига киришга мушарраф бўлди.

Шавкат Мирзиёевга муқаддас зиёратида ҳамроҳлик қилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров кеча, 19 август куни Жума мавизасида давлат раҳбарининг муқаддас жойлардаги ҳолатини айтиб берди.

“Президентимиз билан масжидга келганимизда машина масжиднинг ташқарисида келиб тўхтади. Ичкарига жуда узоқ юрилиши ва жуда иссиқ бўлгани учун ўша ердаги масжид хизматчилари, Саудия мутассадилари махсус электромобил олиб келиб қўйишди. Машинадан тушганларида “бунга чиқасиз, йўл узоқроқ”, дегандилар, Президентимиз тўхтаб, “Расулуллоҳ олдиларига бир нарсани миниб бораманми? Пиёда бораман, ахир бу беодоблик бўлмайдими”, дедилар. Ҳаммамиз пиёда бордик. Равзада намоз ўқидик. Бу ерда бошқача бўлиб кетасиз, жаннатнинг бир боғида тургандай. Бунақа жойда ҳар қандай одам ўзи билан ўзи бўлишни бошлайди”, дейди муфтий 

У сўзида давом этиб, бу ердаги дуо қабул бўлишини айтиб, Шавкат Мирзиёевдан дуо қилишни илтимос қилганини маълум қилди. Шунингдек, муфтий давлат раҳбарига пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) яшаган ҳужрага кириш ҳам насиб қилганини урғулади.

“Президентимиздан илтимос қилдимки, бу ер дуо қабул бўладиган жой, шунинг учун бу ерда дуо қилиш керак, дуо қилинг дедим. Қўлларини дуога очдиларда биринчи дуолари “Ё Раббий, дуо қабул бўладиган жойда сендан ёлвориб сўрайман, менинг халқимни тинч қилгин. Жонажон ватанимни обод қилгин”, дедилар. Фақат халқни сўраб дуо қилдилар. Иккинчи марта яна айтдим, ўзингиз учун ҳам дуо қилинг. Яна қўлини дуога очдилар-да “Юртимни ёшларини  илмли қилгин, саодатли қилгин, бахтли қилгин. Юртимда ҳеч нотинчлик бўлмасин”, деди. Учинчи мартда яна айтдим, “Ўзингиз учун дуо қилинг”. Яна халқни дуо қилдилар. Мен йиғладим. Унақа жойда азизлар ҳеч кимда хўжакўрсинлик бўлмайди. Ҳақиқатдан юракдан бўладиган жойлар. Мен кейин Президентимиз ҳақларига дуо қилдим. Жудаям камдан кам бўлади, ҳаммага ҳам бўлмайди, уларга Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам яшаган, дафн қилинган жойни очиб бердилар. Аввал Фотима онамизни уйларига кириб, кейин дарчадан пайғамбаримиз уйларига ўтилар экан. Шу ерга дафн қилинган, ўша ер матолар билан ўраб қўйилибди. Расуллуллоҳ олдида туришни тасаввур қилинг? У ердаги ҳолатни айтиб беролмайман. Расуллуллоҳнинг ёнларида турибмиз. “Менга келиб салом берсанг, алик оламан”, деган зотни олдида ассалому алайкум деб турибмиз. Президентимиз “Ассалому аллайкум ё расулуллоҳ. Мен сизга сизнинг умматингиз бўлган Ўзбекистон халқи мўмин, мусулмонларини саломини олиб келдим, қабул қилинг”, дедилар. Кейин ҳаммамиз жўр бўлиб саловат айтдик. Кейин қибла томонга қараб, қайта ва қайта халқимиз ҳақига дуо қилдилар”, дейди муфтий Нуриддин Холиқназаров.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан Саудия Арабистонида бўлди. Президент сафари давомида Умра зиёратини ҳам адо этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

307

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг