Мирзиёев Марказий Осиё етакчилари билан учрашувлар ўтказди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 3 апрель куни “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига келган Марказий Осиё давлатлари етакчилари билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг самимий саломини етказди.

“Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ўтган йил якунларига кўра 1,1 миллиард доллардан ошган товар айирбошлаш кўрсаткичлари барқарор ўсиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, Ўзбекистон ва Туркманистон орасида саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Биргаликда “Шовот - Тошовуз” чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда. Фаол ҳудудлараро мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинув доирасидаги тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.

Шунингдек, бўлажак олий даражадаги икки томонлама учрашувлар ва кўп томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш, шунингдек, кенг қамровли ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан учрашувда эса икки давлат етакчилари 31 март куни Хўжанд шаҳрида давлат раҳбарларининг уч томонлама учрашуви самарали бўлгани ҳамда давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида тарихий шартнома имзоланганини алоҳида мамнуният билан қайд этди.

Маълум қилинишича, олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари, хусусан, саноат, транспорт, энергетика ва инфратузилма соҳаларида муҳим кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш чоралари кўриб чиқилган.

Давлат раҳбарлари фаол ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш зарурлигини таъкидлаган. Бўлажак тадбирлар режаси ва минтақавий ҳамкорликнинг бошқа долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан ўтган музокараларда ҳам  жорий йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида ўтган олий даражадаги уч томонлама учрашувнинг тарихий натижалари катта мамнуният билан қайд этилди.

“Чегара масалаларининг тўлиқ тартибга солиниши минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда янги саҳифа очиши таъкидланди.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шу ойда бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида товар айирбошлашни кўпайтириш ва кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилган.

Етакчилар минтақавий кун тартибидаги масалаларни, шунингдек, икки ва кўп томонлама тадбирларга тайёргарликни муҳокама қилган.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашувда Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини икки давлат раҳбарларининг яқинда Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган норасмий учрашувида эришилган келишувларни ҳисобга олган ҳолда янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ҳукуматлари товар айирбошлашни кўпайтириш, иқтисодий лойиҳалар ва гуманитар дастурларни, шу жумладан ҳудудлар даражасида илгари суриш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўриши муҳимлиги таъкидланди.

Халқаро саноат кооперацияси марказини ишга тушириш жараёнини тезлаштириш тўғрисида келишиб олинди. Шунингдек, минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашилди, олий даражадаги тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 2 апрель куни "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" форматидаги биринчи олий даражадаги саммитда қатнашиш учун Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандга етиб борганди. Мирзиёев кеча, 2 апрель куни кечқурун Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта билан, бугун, 3 апрелда эса Урсула фон дер Ляйен билан учрашув ўтказди.

Олий даражадаги Ўзбекистон-Европа музокаралари якунида биргаликда дарахт экиш маросими бўлиб ўтди. Мирзиёев, Кошта ва фон дер Ляйен Самарқанд шаҳридаги Конгресс маркази хиёбонида икки туп эман экди. Етакчилар Самарқанд Халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасида ҳам бўлди.

Бугун, 3 апрель куни эса Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам Самарқандга келди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё – Европа Иттифоқи Садир Жапаров Сердар Бердимуҳамедов Самарқанд саммити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг