Мирзиёев Иордания подшоҳини Самарқандда айлантирди
Жамият
−
25 Август 7573 2 дақиқа
Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида қадимий Самарқанд шаҳрининг улуғвор тарихий обидалари билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбарлари аввал Шоҳи Зинда мажмуасига ташриф буюрган. Бу ерда Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳобаларидан бири Қусам ибн Аббос ва бошқа арбобларнинг мақбаралари жойлашган.
Расман Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизи Фотима ва куёви Али ибн Абу Толибнинг авлодлари ҳисобланган Ҳошимийлар сулоласи вакили бўлган Иордания подшоҳи Қусам ибн Аббос хотирасига ҳурмат бажо келтирган. Қуръон тиловат қилинган.
Амир Темур мақбараси зиёрати чоғида Иордания делегациясига буюк соҳибқироннинг давлатчилик сиёсати, ҳарбий маҳорати, турли мамлакатлар билан дипломатик алоқалари ҳақида сўзлаб берилган. Соҳибқирон ҳаёти ва фаолияти, унинг давлати ўз даврининг энг улкан мамлакати бўлгани меҳмонларда катта таассурот қолдирган.
Давлат раҳбарлари Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларидан иборат Регистон мажмуасини ҳам зиёрат қилган. Асрлар давомида бу обидалар илм-фан маркази бўлган, юзлаб олим ва тадқиқотчиларни етиштирган.
Танишув чоғида олий мартабали меҳмонга ушбу иншоотларнинг бунёд этилиш тарихи ва нақшларининг ўзига хос жиҳатлари, майдонда олиб борилган реставрация ишлари ҳақида маълумот берилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн бугун, 25 август куни давлат ташрифи билан Самарқандга келганди. Самарқанд шаҳри аэропортида Иордания подшоҳини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олган. Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилган, фахрий қоровул саф тортган.
Live
Барчаси